Илм-фан ва хотин-қизлар салоҳияти – Янги Ўзбекистон тараққиётининг муҳим омили
2026-02-11 18:25:00 / Янгиликлар

Анжуманда ҳудуддаги таълим муассасалари педагоглари, илмий изланиш олиб бораётган ёшлар, спорт соҳасида юксак натижаларга эришган қизлар, жамоатчилик вакиллари ҳамда масъул ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди. Тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази Бухоро вилояти бўлими раҳбари биринчи ўринбосари М. Сафоева, Қоровулбозор туман бўлинмаси раҳбари М. Жумаева, Шофиркон туман бўлинмаси раҳбари Д. Ғаффорова, туман Оила ва хотин-қизлар бўлими раҳбари М. Тўлатова, “Оқила аёллар” ҳаракати аъзоси Д. Сатторова, психолог З. Ашурова ҳамда туман Маданият бўлими вакиллари қатнашди.
Тадбир давомида Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифалар ижроси, хусусан, илм-фан ва таълим сифатини ошириш, рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини рўёбга чиқариш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида:
“Биз учун энг катта бойлик – бу билимли ва малакали ёшларимиздир. Илм-фан, таълим ва инновация тараққиётнинг асосий драйверига айланиши шарт,” дея таъкидлаган эди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрнини мустаҳкамлаш масаласига алоҳида тўхталиб, уларнинг ташаббус ва интилишларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш устувор вазифа эканини қайд этган.
Анжуманда айнан шу мақсадлар – аёлларнинг илмий салоҳиятини рўёбга чиқариш, ёш қизларни илм-фанга кенг жалб этиш, уларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Тадбир якунида фаол хотин-қизлар ва иқтидорли ёшлар эътироф этилиб, илм йўлида изланаётган қизларга амалий тавсиялар берилди.
Илмли ва маърифатли аёл – жамият тараққиёти, барқарорлик ва фаровонликнинг мустаҳкам пойдеворидир.








