Аҳоли хонадонига бориб ўрганиш: аҳолини рўйхатга олишнинг иккинчи босқичи бошланди
2026-02-11 10:35:00 / Янгиликлар

Иккинчи босқичнинг дастлабки кунларидаёқ кўплаб хонадонлар қамраб олиниб, аҳоли ва хўжаликларга оид маълумотлар планшет қурилмалари орқали махсус электрон ахборот тизимига киритилди. Айни пайтда рўйхатга олиш учун жорий этилган махсус ахборот платформаси барқарор ишламоқда.
Саволномалар регистраторлар — маҳалла вакиллари томонидан аҳоли хонадонларига бевосита борилган ҳолда тўлдирилмоқда ва барча маълумотлар реал вақт режимида ягона ахборот базасига узатилмоқда. Бу эса маълумотларнинг аниқлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, рўйхатга олувчиларнинг ҳар бир ҳаракати ГПС тизими орқали назорат қилинмоқда. Белгиланган тартиб-қоидаларга риоя этилмаган ҳолатлар, хусусан, хонадонга бормасдан саволнома тўлдириш ёки асоссиз маълумотлар киритиш ҳолатлари ахборот тизими орқали автоматик аниқланиб, регистраторларнинг планшет қурилмаларига огоҳлантириш юборилмоқда.
Бугун ушбу жараёнларнинг бориши ва аниқланган масалалар юзасидан аҳолини рўйхатга олиш бўйича тузилган штаб йиғилишида атрофлича муҳокама олиб борилди. Йиғилишда рўйхатга олиш ишларини янада сифатли ташкил этиш, қамровни кенгайтириш ва аниқликни таъминлаш бўйича тегишли вазифалар белгилаб олинди.
Shofirkon tumani hokimligi axborot xizmati (https://t.me/Shofirkon_matbuotxizmati)





