Шофиркон тумани Ички Ишлар Бўлими бошлиғи подполковник Юсупов Рустам Давроновичнинг Шофиркон тумани ахолисига профилактик-огохлантирув мурожаатномаси
2026-02-09 20:25:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил 3 январдаги «2025 йилда республика маҳаллаларида ҳавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш тизими самарадорлигини янада ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-1-сонли қарорининг жойларда мукаммал ижро этилиши ҳамда бу борадаги вазифаларнинг қатъий сўров асосида ижрога қаратилганлиги натижасида туманимизда жиноятчиликнинг қарийб 1,5 бараварга камайишига эришилди. Бунда хуқуқни мухофаза қилувчи органлари, жамоатчилик вакиллари ҳамда махалла “етти”лининг алохида ўрни мавжуд.
Лекин айрим сохаларда жиноятчиликнинг салмоғи ошиб бормоқда. Бугунги кунда оммалашиб бораётган ва аҳоли эҳтиёткор бўлиши лозим бўлган муҳим соҳалардан бири — интернет тармоқлари орқали содир этилаётган ўғирлик ва фирибгарликлардир. Бу жиноятлар оддий содда фуқароларимизнинг ишонувчанлигидан фойдаланган ҳолда амалга оширилмоқда. Эълонлар, онлайн кредитлар, "Ютуқ ютиб олдингиз", “Пулингизни кўпайтириб берамиз” “Тўйдан видео” “МИБдан қарздорлик” каби “apk” файллар ҳамда сохта хабарларга асло ишонманг. Биргина мисол ўтган йилнинг 12 ойи давомида ахборот технологиялари соҳасида 16 та жиноятлар содир этилган. Шундан 4 таси фирибгарлик йўли билан, 12 таси ўғрилик йўли билан содир этилган. Фуқароларнинг пластик карталаридан ўғрилик ва фирибгарлик йўли билан ечилган пуллар 2 млрд. 416 млн сўмни ташкил этади.
Унутманг, Текин пишлоқ фақат қопқонда бўлади.
Айниқса туманимизда ўғрилик жиноятларининг салмоғи юқори бўлиб, ўтган йилнинг 12 ойи давомида жами 39 та ўғрилик жиноятлари содир этилган. Мазкур жиноятларнинг 1 таси велосипед ўғрилиги, 2 таси телефон ўғрилиги, 3 таси транспорт воситасидан ўғрилик, 4 таси савдо дўконидан ўғрилик, 9 таси хонадон ўғрилиги, 6 таси чорва моллари ўғрилиги ва 12 таси ахборот технологияларидан фойдаланиб содир этилган.
Зеро, бугунги кунда аҳоли хонадонлари ва савдо мажмуаларига кузатув камераларини ўрнатиш, ўғирлик жиноятларини олдини олишда самарали натижа кўрсатаётганлигини унутмаслигимиз лозим.
Шу боисдан сиз азиз юртдошлардан қуйидагиларга қатъий амал қилишингизни сўрайман:
- Мулкий хавфсизликни таъминлаш: уй, автомашина ва шахсий буюмларга эътиборли бўлинг, чорва молларингизни далада қаровсиз қолдирманг;;
- Интернет орқали харидлар ёки молиявий оперaциялар амалга оширилганда эҳтиёт бўлинг;
- Ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга аҳамият беринг, уларни назоратсиз қолдирманг;
- Маҳаллангизда шубҳали шахслар ва ҳолатлар бўйича ИИБ ходимларига ёки “112” қисқа рақамга хабар беринг;
- Оиладаги низоларни зўравонликсиз, қонуний йўллар билан ҳал қилишга ҳаракат қилинг.
- Хонадонингиз, ва бошқа кўчмас мулкларингиз атрофида кузатув камераларини ўрнатинг ва кузатув камерларини ўрнатиш борасида қўни-қўшниларингиз орасида тарғиб қилинг.
Ҳурматли тумандошлар!
Жиноятчиликка қарши кураш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг вазифаси эмас. Бу — барчамизнинг умумий бурчимиз! Туманимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлашда фаол иштирок этиш — ҳар бир юртдошимизнинг Ватан олдидаги масъулиятидир.
Биргаликда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга, жиноятчиликка қарши муросасиз кураш олиб боришга чақираман.
Келажагимиз фаровон ва хавфсиз бўлиши — бизнинг бугунги ҳаракатимизга боғлиқ.
Эътиборингиз учун раҳмат!
