Бугундан ғаллага эътибор — эртанги мўл ҳосил кафолати: Шофиркон туманида 6600 гектар майдонда ғалла экинлари парваришланмоқда
2026-02-03 13:25:00 / Янгиликлар

Шофиркон туманида жами 376 та фермер хўжалиги томонидан 6600 гектар майдонда ғалла экинлари жойлаштирилган. Ҳосилдорликни ошириш мақсадида ғалла майдонларига маҳаллий ўғитлар чиқариш ишлари йўлга қўйилиб, 1 тоннадан 5 тоннагача, жами 36 тонна ўғит жамғарилган. Суғориш тизимини яхшилаш мақсадида 1400 гектарга яқин фермер хўжаликлари далаларида шарбат усулида суғориш учун хандаклар қазилди.
2026 йил ҳосили бўйича фермер хўжаликлари ҳар гектардан 80 центнердан ҳосил олишни мақсад қилган бўлиб, бу умумий ҳисобда 52 800 тонна ғалла етиштириш имконини беради. Давлат хариди учун тузилган шартномаларга мувофиқ, етиштирилган ҳосилдан 18 772,8 центнер ғалла давлатга топширилади, белгиланган мажбуриятлар тўлиқ бажарилгач, қолган қисми фермер хўжаликларининг омборхоналарига жойлаштирилади. Айни вақтда ушбу режаларни амалга ошириш бўйича далаларда барча агротехник тадбирлар изчил олиб борилмоқда.
Ҳозирги кунда ғалла майдонларини сулфат аммоний ўғити билан озиқлантириш ишлари жадал суръатларда давом этмоқда. Жумладан, 5854 гектар майдон тўлиқ озиқлантирилиб, ушбу жараёнда 878 100 тонна сулфат аммоний ўғити сарфланди. Қолган майдонларда эса озиқлантириш ишлари босқичма-босқич давом эттирилмоқда. Бу чора-тадбирлар ғалланинг соғлом ривожланиши, ҳосилдорликнинг ошиши ва сифатли дон етиштиришга хизмат қилмоқда.
Мазкур жараёнлар билан яқиндан танишиш мақсадида туман ҳокими томонидан фермер хўжаликлари далаларида ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганишлар давомида ғалла парвариши, маҳаллий ўғитларни жамғариш ва уларнинг далаларга чиқарилиши масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Хусусан, Султон жўра, Чандир, Жўйнав ва Искогаре ҳудудларида жойлашган “Дилшод Тўйбой даласи”, “Ёров Саид Саховати”, “Дилшод Тўйбоевич”, “Нурафшон чорва маҳсулотлари”, “Тоҳирбек Жонибек замини”, “Ориф Ҳомит фермер хўжалиги”, “Расулбобо-2018” фермер хўжаликлари далаларида маҳаллий ўғитлар жамғарилганлиги ўрганилди ҳамда аниқланган масалалар юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди.








