Шофиркон туманида электр таъминотини яхшилаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда
2026-01-18 16:40:00 / Янгиликлар

Мазкур мақсадда Шофиркон туман электр таъминоти корхонаси балансида ҳозирда 680 дона трансформатор пунктлари ҳамда 0,4/10 кВ кучланишли умумий узунлиги 1 354 километр бўлган электр узатиш тармоқлари мавжуд. Ушбу инфратузилма орқали аҳоли ва истеъмолчиларга электр энергияси етказиб берилмоқда.
Электр таъминоти тизимини янада яхшилаш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2026 йил учун аниқ режа ва дастурлар ишлаб чиқилган. Унга кўра, 223 дона трансформатор пунктлари ҳамда 398,7 километр 0,4/10 кВли электр узатиш тармоқларида жорий таъмирлаш ишлари олиб борилиши белгиланган. Шунингдек, 85 дона трансформатор пунктлари ва 285,3 километр электр узатиш тармоқларида мукаммал таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Бундан ташқари, паст кучланишли электр узатиш тармоқлари ва трансформатор пунктларини янги қуриш ҳамда модернизация қилиш бўйича манзилли рўйхат асосида 11 дона янги трансформатор пунктлари, 34,5 километр электр узатиш тармоқлари қурилиши ҳамда 526 дона янги таянчлар ўрнатилиши кўзда тутилган. Ушбу ишлар электр тармоқларининг мустаҳкамлигини ошириб, узилишларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Амалий ишлар доирасида Жўшўра маҳалла фуқаролар йиғинига қарашли Саврак қишлоғида ҳам муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди. Хусусан, аҳолини узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида эскирган ёғоч таянчлар ўрнига 14 дона замонавий темир-бетон таянчлар ўрнатилди. Бу эса мазкур ҳудудда электр таъминотининг барқарорлигини сезиларли даражада яхшилашга хизмат қилади.
Умуман олганда, Шофиркон туманида олиб борилаётган мазкур ишлар электр таъминоти сифатини ошириш, инфратузилмани модернизация қилиш ҳамда аҳоли ва истеъмолчиларга қулай шароитлар яратишга қаратилган бўлиб, келгусида ҳам изчил давом эттирилиши режалаштирилган.









