“Келажак” маркази — ёшлар камолоти ва иқтидорини рўёбга чиқарувчи замонавий таълим маскани
2026-01-13 14:35:00 / Янгиликлар

Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Республика “Келажак” маркази Бухоро вилояти маркази раҳбари Муҳаммаджон Камилджанов Шофиркон туманига амалга оширган ташрифи давомида атрофлича тўхталиб ўтди.
Президент қарори — мактабдан ташқари таълимни тубдан янгилаш сари муҳим қадам
Муҳаммаджон Камилджановнинг таъкидлашича, Президент қарорига мувофиқ мактабдан ташқари таълим тизимини ривожлантиришда қуйидаги устувор вазифалар белгиланган:
— ўқувчиларда замонавий ва меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга қизиқиш уйғотиш, интерактив таълим муҳитини шакллантириш орқали болаларнинг илмий, техник, ижодий ва спорт йўналишидаги салоҳиятини юзага чиқариш;
— болаларнинг етакчилик қобилиятлари ва шахсий ривожланишига қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш, уларнинг тарихий билимларини мустаҳкамлаш, Ватанга садоқат, миллий қадриятлар ва маданий меросга ҳурмат руҳида тарбиялаш;
— мактабдан ташқари таълим тизимини замон талабларига мос равишда такомиллаштириш, соҳага малакали мутахассислар ҳамда хусусий секторни жалб этиш;
— кадрларнинг касбий ривожланишини қўллаб-қувватлаш, бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда таълим муассасаларининг моддий-техника базасини замонавий стандартлар асосида ривожлантириш.
“Келажак” марказлари олдидаги асосий вазифалар
Учрашув давомида Республика, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри ҳамда туман (шаҳар) “Келажак” марказлари зиммасига юклатилган вазифалар ҳам кенг ёритилди.
Хусусан:
— мактабдан ташқари таълим тизимига ўқувчиларни кенг жалб этиш, замонавий ва инновацион ёндашув асосида турли тўгаракларни ташкил этиш;
— болалар учун барқарор, самарали ва инклюзив муҳит яратиш, уларда етакчилик, жамоада ишлаш, фаол фуқаролик позицияси ва коммуникатив кўникмаларни ривожлантириш;
— ўқувчиларнинг тарихий билимларини мустаҳкамлаш, уларни Ватанга муҳаббат ва миллий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш;
— таълим ташкилотларида халқаро тажрибага асосланган ҳолда тўрт босқичда “ижтимоий-эмоционал таълим” моделини жорий этиш;
— “Келажак” номи остида тарбиявий-ахлоқий, маънавий-мафкуравий, ижтимоий-коммуникатив, экологик ва маданий лойиҳаларни амалга ошириш.
Тизимдаги муҳим янгиликлар
Президент қарори ижроси доирасида мактабдан ташқари таълим тизимида қатор инновацион янгиликлар жорий этилиши белгиланган. Жумладан:
— робототехника, дизайн, IT, маданият ва спорт йўналишларида замонавий тўгараклар йўлга қўйилади;
— мактаб ва “Келажак” марказлари ўртасида вертикал бошқарув тизими жорий этилади;
— ҳар бир ўқувчи учун электрон портфел шакллантирилади;
— таълим жараёнини баҳолаш ва назорат қилиш мақсадида рақамли мониторинг тизими ишга туширилади.
Шофиркон “Келажак” маркази — мустаҳкам тажриба ва юксак салоҳиятга эга маскан
Ташриф доирасида Муҳаммаджон Камилджанов Шофиркон “Келажак” маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, марказ ходимлари ва тўгарак раҳбарлари билан очиқ мулоқот ўтказди. Президент қарори юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилди.
Шунингдек, тадбир давомида муҳим ташкилий масала эълон қилиниб, Бухоро вилояти Шофиркон туманидаги “Баркамол авлод” болалар мактаби директори лавозимида самарали фаолият юритиб келган Жумаев Нозим Низомиддинович Шофиркон “Келажак” маркази раҳбари этиб тайинланганлиги ўқиб эшиттирилди.
Алоҳида таъкидлаш жоизки, “Баркамол авлод” болалар мактаби айнан Нозим Жумаев раҳбарлиги даврида республика миқёсида энг катта ютуқларни қўлга киритган таълим муассасаларидан бирига айланди. Турли фан олимпиадалари, ижодий ва техник танловлар, спорт мусобақаларида шофирконлик ёшлар мунтазам равишда фахрли ўринларни эгаллаб, туман нуфузини республика даражасида муносиб ҳимоя қилиб келишди.
Эндиликда “Баркамол авлод” даврида тўпланган бой тажриба ва ютуқлар “Келажак” маркази фаолиятида янги мазмун, замонавий ёндашув ва инновацион ғоялар билан давом эттирилиб, ёшларнинг иқтидорини рўёбга чиқаришда янада кенг имкониятлар яратиши шубҳасиз.









