Савобни сафардан эмас, хизматдан излаганлар
2026-01-12 17:25:00 / Янгиликлар

Ҳолбуки, Умра — бу ихлос, камтарлик ва тавба ибодатидир. Унда на риё, на манманлик, на манфаат устун бўлиши керак. Энг ачинарлиси, баъзан билимсизлик сабабли ибодатнинг руҳига зид хатти-ҳаракатлар ҳам содир этилмоқда.
Шу фонъда Боғиафзал маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи бир оиланинг қилган иши кўпчилик учун ҳақиқий ибрат бўла олади.
Боғиафзал МФЙда истиқомат қилувчи оила устунлари — Жамила Ўринова ва Садулло Раҳимов 2025-йилда Умра зиёрати учун йиғиб юрган қарийб 70 миллион сўм маблағларини шахсий сафарга эмас, балки қишлоқдошлари манфаатига йўналтиришни афзал кўрди.
Мазкур маблағ эвазига Боғиафзал, Пашмон, Жилвон ҳамда Ш.Рашидов маҳаллаларини ўзаро боғловчи кўприк, шунингдек Сўфиён қишлоғида жойлашган кўприк тўлиқ таъмирланиб, уларга қўшимча плиталар ётқизилди, кўприклар кенгайтирилди ва йўл қисми асфалтлаштирилди.
Натижада бугун ушбу кўприклардан юзлаб хонадонлар хавфсиз ва қулай фойдаланмоқда.
5 нафар қиз ва 1 нафар ўғилни тарбиялаб, уйли-жойли қилган, бугун 11 нафар неваранинг қувончи билан умргузаронлик қилаётган ушбу нуронийлар ҳаётий қарори билан кўпчиликни ўйлантириб қўйди.
Отахон Садулло Раҳимов билан суҳбат чоғида шундай дейди:
“Бир Умра зиёрати — битта одам учун савоб.
Бир кўприк эса — юзлаб, минглаб одамлар учун ҳар куни дуога сабаб бўлади.
Қишлоқдошларимизга манфаат келтирганимиздан жуда хурсандмиз.”
Маълумки, отахон узоқ йиллар қурилиш соҳасида фаолият юритган, онахон эса умрини фарзандлар тарбиясига бағишлаган. Балки айнан шу ҳаётий тажриба уларни савобни фақат сафарда эмас, хизматда кўришга ундагандир.
Бу воқеа бизга бир ҳақиқатни яна бир бор эслатади:
ибодат фақат сафар эмас,
савоб фақат Каъба атрофида эмас,
Аллоҳ розилиги — бандага фойда етказишда ҳам мужассам.
Боғиафзалда қурилган бу кўприк — нафақат темир ва бетон, балки ихлос, виждон ва иймон устига қурилган кўприкдир.







