Шофиркон туман ИИБ бошлиғи подполковник Юсупов Рустам Давроновичнинг мурожаати
2025-12-13 01:05:00 / Янгиликлар

Шунингдек, бой тарихий меросга эга бўлган, қадим маданият ва илм фан ўчоғи бўлган юртимизнинг ҳар томонлама ривожи, халқимиз турмуш тарзининг яхшиланиб бораётгани, ҳудудларда хавфсизлик, тинчлик ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг тўлақонли таъминланаётганидан далолатдир.
Бироқ, тинчликка рахна солиб, ушбу неъматлардан ва имкониятлардан ўзининг ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланаётган айрим шахслар бу каби ривожланишга тўсқинлик қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларига зарар етказмоқда.
Хусусан, гиёҳвандлик ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ жиноятларни содир этиб келаётган шахслар бунга мисолдир.
Ички ишлар органлари ходимлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда туманимиз ҳудудида гиёҳванд ҳамда психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига қарши кескин кураш олиб бормоқдамиз.
Бу иллатга қарши курашишда, энг аввало ёшлар ҳамда вояга етмаганлар орасида кенг тарқалишини олдини олишда манзилли, тезкор ҳамда профилактик тадбирлар ўтказилмоқда.
Тезкор тадбирлар давомида кўплаб ҳолатларни аниқладик, лекин, бу йўналишга янада жиддий эътибор қаратишимиз керак.
Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида жами содир этилган жиноятлар 243 тани ташкил қилиб, гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар эса, 42 та содир этилган бундан ташқари, кибержиноятчилик йўналишида 7 та жиноятлар қайд этилиб, асосан киберўғрилик (5 та), киберфирибгарлик (2 та) ҳамда бошқа турдаги жиноятлар ҳисобланади.
Фуқароларимиз кибержиноятлар турли алдовлар билан юборилган соҳта ҳавола орқали карта бошқарувини қўлга киритиш ва интернет орқали онлайн савдоларни амалга оширишда пул маблағларини тўлаш йўллар билан алданганлиглари маълум бўлди.
Жиноятчилар фуқаролар ишончига кириш мақсадида сунъий интеллектдан фойдаланиб, машҳур инсонларнинг соҳта видеоларини тайёрлашмоқда, бошқа бир ҳолатда эса “ушбу суръатдаги сенми” ёки “тўйга таклифнома” мазмунидаги файллар юбориш орқали фуқаролар пластик картасидаги пулларни осонгина қўлга киритишни кўзламоқда.
Кибержиноятларни олдини олиш бўйича кўплаб ишлар қилинмоқда, биргина мисол “Телеграмм” ижтимоий тармоғи орқали тумандаги 49 та очилган маҳалла гуруҳларига фуқароларни ҳушёрликка чақирувчи, тарғибот материаллари ва видеороликлар, кибержиноятчилик билан боғлиқ фош этилган ҳолатлар кун давомида, ҳар соатда тарғиб қилиб келинаётган бўлишига қарамасдан, афсуски аҳолига ҳалигача етказиб беролмаяпмиз.
Бу турдаги жиноятларга барҳам беришнинг энг самарали йўли, аҳолида кибержиноятларга қарши иммунитетни шакллантиришдир. Барчамиз нафақат ўзимизни балки ён атрофдагиларни бу жиноятлардан ҳимоя қилишни ўрганишимиз керак. Баъзан ҳаддан ташқари ишонч ва осон йўл билан бойиш истаги ўзимиз билмаган ҳолда турли тузоқларга илиниб қолишимизга олиб келмоқда.
Шу сабабли аҳолимиздан қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз:
Бугунги кунда бу турдаги жиноятлар ҳам замонавийлашган, гиёҳванд ҳамда психотроп моддалар савдоси билан шуғулланиш ижтимоий тармоқларга кўчган!
Интернет дўконлари, уларнинг администратор ва операторлари, “кладменлар” ва “закладчиклар” орқали жиноятлар содир этилмоқда.
Бу жараёнга бизнинг содда ёшларимиз, айниқса вояга етмаганларнинг жалб этилаётгани эса ўта хатарли. Бу жиноий гуруҳлар фаолияти хориждан туриб бошқарилмоқда. Уларга етиб бориш турли қийинчиликларни туғдирмоқда. Буни яширолмаймиз албатта.
Аммо, фуқароларимиздаги лоқайдлик ва атрофдаги ҳодисаларга бееътиборлик ҳам айнан ушбу турдаги жиноятларнинг кенг қулоч ёйишига сабаб бўлмоқда.
Нега, мана шундай реклама қоғозларини уйингиз эшигига, деворларга, кўча ва жамоат жойларида ёпиштириб кетаётганларни тўхтатмайсиз? Бундай шубхали шахслар тўғрисида ҳуқуқ-тартибот органларига ёки 102 қисқа рақамига қўнғироқ қилиб хабар бермайсиз?
“Оч қорним-тинч қулоғим” қабилида иш тутаётганлар! Огоҳ бўлинг! Бу иллат сизнинг ҳам хонадонингизга кириб бормаслигига ким кафолат беради?
Бу иллатга қарши барчамиз биргаликда курашишимиз шарт!
Шунинг учун, Ҳурматли ота-оналар, азиз ватандошлар, эътиборли бўлинг! фарзандларингиз, ака-ука, яқинларингиз, таниш-билишларингиз орасида хулқ-атвори, юриш-туриши, хатти-ҳаракатларида кутилмаган ўзгариш бўлса, буни яширишга уринманг. Маҳалла кўй, таниш билишлар нима дейди деган ўй ҳаёл билан яширишга уринманг. Бир ўзингиз уларни оғу домидан чиқариб ололмайсиз. Бундай шахсларга мутахассисларнинг ёрдами керак. Ўз вақтида яқинларингизни гиёҳвандлик домидан тортиб олсангиз, янада оғирроқ оқибатларни олдини олган бўласиз.
Биз бу жиноятларни содир этаётганларни аниқлаб, айбдорларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаймиз. Лекин шахс жавобгарликка тортилиши билан унинг келажаги, оиласи нима бўлади? Бу иллат бутун жамиятимиз ва келажагимизга катта хавф туғдиришини унутмайлик.
Яна бир масала, аксарият ҳолларда гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятларни содир этган ва ундан заҳарланган ёшларнинг аксариятини уларнинг яқинлари билган, кўриб турган. Бироқ мустақил ва яширинча ҳаракат қилиб, тегишли идораларга ўз вақтида маълум қилмаганлар.
Гиёҳванд моддалар ёки кучли таъсир қилувчи дорилар истеъмоли таъсири остида ҳар қандай жиноятлар, айниқса энг оғир турдаги жиноятлар содир этилиши муқаррар ва биз бу ҳолатларни ўз тажрибамиз давомида кўриб турибмиз.
Бундай воситалар таъсири остида транспорт воситаларини бошқарган шахслар эса оғир оқибатли йўл-транспорт ҳодисаларини содир этишлари мумкинлигини ҳам унутмаслик керак. Бундай шахслар нафақат ўз ҳаётига, балки бошқа бегуноҳ инсонларнинг ҳам ҳаётига нуқта қўйиши янада ачинарлидир.
Шу билан бирга яна бир масалага эътибор қаратишларизни сўраб қоламан!
Кибержиноятлар, яъни ахборот технологиялари ёрдамида содир этиладиган жиноий тажовузлар. Бу турдаги жиноятлар замон ва макон танламаслиги ва масофадан туриб содир этилаётганлиги сабабли иш фаолиятимизда анчайин қийинчиликларни туғдирмоқда.
Бу турдаги жиноятларга қарши курашишнинг энг самарали усули фуқароларда кибержиноятларга қарши иммунитетни шакллантиришдир. Ўзимизни бу жиноятлардан ҳимоя қилишни ўрганишимиз керак. Бизни ишонувчанлигимиз, осон бойлик орттиришга бўлган қизиқишимиз бу қопқонга тушишимизга сабаб бўлмоқда.
Шу сабабли аҳолимиздан қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратишларини сўраймиз:
- энг аввало телефон ва гаджетларингизга икки босқичли парол ўрнатинг, автоматик юклаб олиш иловаларини ўчириб қўйинг;
- пластик карта пин-кодини бегона шахсларга берманг;
- савдо нуқталари атрофидаги бегона шахслар орасида карта пин-кодини маълум қилманг, терминалга пин-кодни шахсан киритинг, пин-кодни киритиш қурилмаларида шубҳали қопламалар мавжуд эмаслигини текширинг;
- масофадан туриб электрон тўловларни ёки пул ўтказмаларини амалга ошириш давомида махсус кодни ошкор этманг;
- электрон почта ёки ижтимоий тармоқлардан банк пластик карта тўғрисидаги махфий маълумотларни жўнатманг;
- банк пластик картаси учун СМС-хабарнома хизматини бегона шахслар телефон рақамига уламанг;
- яқинларингиз ва танишларингизнинг гаровга олинганлиги, ёрдамга муҳтожлиги ёки бирор бир мушкул аҳволга тушиб қолганлигини айтиб, таниш дўсти, терговчи, тиббиёт ходими ёки бошқа шахс мақомида қўнғироқ қилиб пул талаб қилишаётган бўлишса ёхуд чет мамлакатда юрган яқинингиз овозида қўнғироқ қилиб пул сўрашса асло ишонманг.
Бу сунъий интеллект орқали амалга оширилаётган фирибгарлик бўлиши мумкин. Агарда юқоридаги каби ҳолатларга дуч келсангиз 102 қисқа рақамига зудлик билан мурожаат қилинг.
Ҳурматли ватандошлар!
Маҳаллангиз, оилангиз, яқинларингиз, қўни-қўшнилар, таниш билишлар орасида ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишда сизлардан жонбозлик кўрсатишингизни сўраб қоламиз.
Агарда, Сизда фуқаролар, жамият ва давлат хавфсизлигига турли хатарлар бўйича, шунингдек бошқа шахслар томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар ҳақида маълумотлар бўлса, бизга “102” қисқа рақами орқали ёки энг яқин ички ишлар органларига хабар беришингизни сўраймиз.
Албатта хабар берганларнинг шахсига доир маълумотлар сир сақланишига кафолат берамиз. Шуни эътиборга олингки, бу, давлат ва жамият олдидаги ўз бурчига содиқлик ҳисобланади. Сизнинг шу хабарингиз орқали оғир оқибатли жиноятларнинг олди олиниши, инсонлар ҳаёти сақлаб қолиниши мумкинлигини асло унутманг. Ҳеч биримиз бефарқликка берилмаслигимиз лозим.
Агар Сизнинг маълумотингиз асосида оғир ёки ўта оғир жиноятлар тўхтатиб қолинса, шахс, жамият ва давлат манфаатларига жиддий зиён етказилишининг олди олинса, ўрнатилган тартибда рағбатлантириш чораларини кўрамиз.
Шуни билингки, жиноят содир этилганидан кейин эмас, уларни олдиндан бартараф этишга эътибор қаратайлик.
Мурожаатим сўнгида яна бир муҳим масалани эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.
Жорий йилнинг 5 март куни муҳтарам президентимиз ҳузурида ўтказилган Коррупсияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида Бухоро вилоятини коррупсия ва жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида “Бухоро тажрибаси”ни яратиш, кейинчалик эса ушбу ижобий тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларига тадбиқ этиш назарда тутилган.
Бундай масъулият бухороликларга берилган ишончнинг юксак намунасидир.
Бугунги кунда айнан ушбу топшириқдан келиб чиқиб, вилоят ҳокими бошчилигида барча давлат ва нодавлат ташкилотлар масъул раҳбарлари билан биргаликда кенг кўламли ва манзилли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ҳурматли туманимиз фуқаролари келинг ҳаммамиз биргалашиб, коррупсиоген ҳолатларга муросасиз бўлган ҳолда маҳаллаларимиз ва хонадонларимизни жиноятдан холи ҳудудга айлантирайлик.
Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам соғлик, хонадонингизга хотиржамлик, файзу-барака тилайман!
Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлсин!
Эътиборингиз учун раҳмат!
