Жўйрабод: Миришкор ва ҳунарманд оила — маҳалламиз фахри
2025-11-10 20:05:00 / Янгиликлар

Шоҳиста опа “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури доирасида берилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, имтиёзли кредит асосида 7,5 миллион сўмга замонавий иссиқхона қурдирган. Иссиқхонада дастлаб помидор ниҳоллари парвариш қилиниб, йил бошидаёқ мўл ҳосил олинган. Ўртача 10 миллион сўмлик ҳосил оиланинг дастлабки ютуғи бўлди. Март ойидан бошлаб эса иссиқхона ичида 10 туп банан ва 12 та папая кўчатлари экилган. Маълумки, банан 14 ойда, папая эса 8 ойда ҳосилга киради. Демак, яқин ойларда ушбу тропик мевалардан ҳам мўл ҳосил олиниши кутилмоқда.
Бундан ташқари, Шоҳиста опанинг иккинчи иссиқхонаси ер ости қисмида, 2 сотих майдонда жойлашган бўлиб, унда лимон дарахтлари парвариш қилинади. Мазкур иссиқхона учун ҳам 10 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилган. Шу йилнинг ўзида лимондан 8 миллион сўм даромад олинган бўлса, ҳозирда ҳам лимон ҳосили териб олинмоқда.
Хонадон томорқасида 40 туп анор дарахти ҳам бўлиб, ундан йил давомида 15 миллион сўм атрофида соф даромад кўрилган. Меҳнацевар оила ўз томорқасининг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиб, нафақат ўз турмушини фаровон қилмоқда, балки маҳалладаги бошқа фуқароларга ҳам ўрнак бўлмоқда.
Шоҳиста опанинг оиласида нафақат деҳқончилик, балки ҳунармандчилик соҳасида ҳам ишлар йўлга қўйилган. У киши келини Худойбердиева Саодат Носировна билан биргаликда телпакчиликни ривожлантириб келмоқда. Қўл меҳнати билан тайёрланадиган телпаклар 300 минг сўмдан 1,5 миллион сўмгача баҳоланади. Шу йўл билан оила йил давомида ўртача 7–8 миллион сўм даромад топади.
Бугун Худойбердиева оиласи нафақат ўз меҳнати эвазига мустаҳкам турмуш тарзини яратибгина қолмай, балки ўз ибратли фаолияти билан “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурининг амалдаги натижасини яққол намоён этиб келмоқда.
Жўйрабод маҳалласи аҳли бу оилани миришкорлиги, меҳнацеварлиги ва ҳунармандчилиги билан фахр билан тилга олади. Худойбердиева Шоҳиста Мажидовна ва унинг оиласи — маҳалламизнинг ҳақиқий фахридир!
Шофиркон туман ҳокимлиги ахборот хизмати









