Шаҳрисабз туман ҳокими Самад Ҳасановнинг табрик сўзи!
2025-08-26 18:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!
Муҳтарам отахон ва онахонлар!
Юртимиз келажаги бўлган ёшлар!
Ҳурматли меҳмонлар!
Сиз, азизларни, халқимизни бугунги улуғ айём билан чин қалбимдан табриклаб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурматим, эзгу тилакларимни изҳор этишдан бахтиёрман.
Қутлуғ ва унутилмас айём – мамлакатимиз Мустақиллигининг 34 йиллиги билан барчангизни чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Ушбу шодиёналар “ВАТАН УЧУН, МИЛЛАТ УЧУН, ХАЛҚ УЧУН ! ” деган шиор остида нишонланмоқда.
Қадрли дўстлар!
Мана шу ҳаяжонли дақиқаларда ҳаммамиз миллий истиқлолимиз нақадар бебаҳо неъмат эканини, унинг тарихий аҳамиятини янада чуқур ҳис этмоқдамиз.
Айнан мустақиллик туфайли миллий давлатчилигимиз қайта тикланди. Ўзбекистон янги тарихий даврга қадам қўйди. Айнан истиқлол туфайли Жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгалладик.
Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди.
Шундай қутлуғ кунда Ўзбекистон мустақиллиги учун курашган ватанпарвар аждодларимиз хотирасини миннатдорлик билан ёдга олишимиз табиий, албатта.
Улар – ўз халқини тараққиёт сари бошлаган жадид боболаримиз, миллий озодлик йўлида жон фидо этган улуғ аждодларимиздир. Улар – ғоят оғир шароитда ҳам миллий истиқлол ва ҳуррият ғояларига содиқ қолган қаҳрамонларимиздир. Бугун уларнинг эзгу ғоя ва тамойилларига таяниб, янги ҳаёт, янги жамият пойдеворини яратмоқдамиз.
Бу фидойи зотларнинг номларини ҳеч қачон унутмаймиз!
Уларнинг хотираси қалбимизда, юрагимизда ҳамиша яшайди!
Рухсатингиз билан, туманимизда ўтган йиллар давомида ижтимоий, иқтисодий, қурилиш ва ободонлаштириш йўналишларида амалга оширилган вазифалар тўғрисида гапириб ўтсам.
МАКРОИҚТИСОДИЙ КЎРСАТКИЧЛАР бўйича
Туманимизнинг асосий иқтисодий кўрсаткичларида, хусусан, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, хизматлар кўрсатиш ва қурилиш соҳасида йилдан-йилга ўсишга эришилиб борилмоқда.
Хусусан, 6 ойлик натижаларимиз бўйича саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 106,8 фоизга
(602,2 млрд сўм), хизмат кўрсатиш ҳажми 112,3 фоизга (692,5 млрд сўм), қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 105,9 фоизга (1,3 трлн сўм), қурилиш ишлари ҳажми
108,7 фоизга (256,1 млрд сўм) ўсишига эришилди.
Бугунги геосиёсий вазиятда “муқобил яшил энергия” манбаларидан оқилона фойдаланиш, янги энергия ресурсларини жорий этиш бўйича Муҳтарам юртбошимизнинг олиб бораётган ислоҳотлари замирида туманимизда ҳам йирик лойиҳаларни амалга оширилаётганлиги халқимизнинг улкан миннатдорчилигига сабаб бўлмоқда.
Туманимизда қиймати 79 млн. долларлик, қуввати соатига 24 МВт бўлган 3 та: Тамшуш, Чаппасув ва Работ микро ГЭСлари қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Шунингдек, Англия давлатида доимий яшаб келаётган ватандошимиз тадбиркор Мавлянов Санжар томонидан
“SD EKO” МЧЖ ташкил этган ҳолда қиймати 12 млн. долларлик, қуввати 3,5 МВт бўлган 1 та микро ГЭС ва меҳмонхона қуриш ишлари олиб борилмоқда.
Қолаверса, Агротуризмни ривожлантириш мақсадида “Улоч” маҳалласидаги лалми майдонлардан 520 гектар ер ўзлаштирилиб, дастлабки лойиҳа қиймати 94 млрд сўм бўлган замонавий боғ ва узумзорлар ҳамда лаванда плантацияси ташкил этилди, меҳмонхона ва ресторанлар қурилди, меваларни саралаш, сақлаш корхонаси ва ўқув маркази қурилмоқда.
Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1 500 тага яқин иш ўринлари яратилади. Ҳудудда 7 500 тонна маҳсулот етиштирилиб, йилига 2,5 млн доллар экспорт қилиш имконияти яратилади.
Мазкур йирик лойиҳаларнинг ишга туширилиши натижасида туманимизнинг бюджет салоҳияти ҳам сезиларли даражада ўсганини кўришимиз мумкин.
Хусусан, 2021 йилда 77 млрд. сўм тушум туширилган бўлса, 2024 йилда 113 млрд. сўм туширилишига эришилиб, бюджет тушумлари +36,4 млрд. сўм кўпайганини кўришимиз мумкин.
Келгусида ҳам туманимизнинг барча мавжуд имкониятлари ва захираларимизни сафарбар этган ҳолда иқтисодий кўрсаткичларимизда ўсишни таъминлаб борамиз.
ҚИШЛОҚ ХЎЖАЛИГИ соҳасида
Туманимиз ҳудудида фермер хўжаликлари ва касаначилар томонидан 354 тонна ПИЛЛА хомашёси етиштирилиб, ундан қарийб 14 млрд сўм даромад олинишига эришилди.
2025 йилда ҒАЛЛА етиштириш учун 6 250 гектар ер майдонига бошоқли дон экинлари экилиб, фермер хўжаликларимиз томонидан 85 центнердан 53 125 тонна дон маҳсулотлари йиғиб олинди.
Шундан, 38 центнердан шартнома асосида 24 минг тонна ғалла топширилди, қолган 29 000 тонна ғалла фермерларнинг ўзига ва ишчи-ходимларига қўшимча даромад сифатида қолди.
Бундан ташқари, жорий йилда 3570 гектар ер майдонига чигит қадалиб, 15 351 тонна пахта ҳосилини териб олишни режалаштирганмиз.
ИНВЕСТИЦИЯ соҳасида
Туманимизда 2024-2025 йилларда қиймати қарийб
2,7 трлн сўм бўлган 172 га яқин йирик ва ўрта лойиҳаларни амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.
Мисол учун, йирик лойиҳаларимиздан “Yuksalish Group” МЧЖ томонидан Бирлашган Араб Амирлиги давлатининг “BIGHATTI Holding” билан ҳамкорликда 20 гектар ер майдонида қиймати 34,0 млн. доллар бўлган
3 400 та хонадонли кўп қаватли уйлар, хизмат кўрсатиш объектлари, болалар боғчаси, ўқув марказ ва хусусий мактаб қуриш лойиҳаси бўйича ер ажратилиб қурилиш ишлари бошланган.
ТУРИЗМ соҳасида
Шаҳрисабз туманида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуслари билан туризмни ривожлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Хабарингиз бор, Шаҳрисабз туманининг «Мираки», «Амир Темур», «Улоч» ва «Полмон» маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида замонавий хизмат кўрсатиш мажмуалари ва туризм инфратузилмаси объектларини, жумладан меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, соғломлаштириш, савдо-кўнгилочар объектларини жойлаштиришни назарда тутувчи мастер-режа лойиҳаси ишлаб чиқилди ҳамда «Шаҳрисабз туристик маркази» ташкил этилди.
Мастер режа ҳудудида қиймати 412 млн. доллар бўлган 117 та йирик ва ўрта янги хизмат кўрсатиш лойиҳаларини амалга оширилиши ҳамда 2 700 та доимий иш ўринлари яратилиши белгилаб олинган.
Мисол қилиб айтадиган бўлсам,
1. “Miraki Hostel” МЧЖ томонидан қиймати 21,8 млн. доллар бўлган 5 гектар ер майдонида 300 ўринли 4 қаватли мехмонхона ҳамда 300 ўринли 1 қаватли ҳостел, ресторан, спорт зал, болалар майдончаларида қурилиш ишлари якунланди.
Лойиҳа доирасида 1 кунда ўртача 600 нафар сайёҳлар қабул қилинса,
1 ойда 12 минг, 1 йилда 84 минг нафар ташриф буюрувчиларга туризм хизматлари кўрсатилади.
2. “Miraki Mountains” МЧЖ томонидан қиймати 24,7 млн. доллар бўлган 4,6 гектар 300 ўринли 4 қаватли мехмонхона ва 5 минг кв.метрлик 2 қаватли савдо комплекс ва ресторан қурилди.
Лойиҳа доирасида 1 кунда ўртача 300 нафар сайёҳлар қабул қилинса,
1 ойда 6 минг, 1 йилда 42 минг нафар ташриф буюрувчиларга туризм хизматлари кўрсатилади.
3. “Miraki Ropeway” МЧЖ томонидан қиймати 12 млн. доллар бўлган 2,1 км узунликдаги дор йўли, автотураргоҳ ва ресторан ташкил қилинди.
Дор йўлида 20 та 8 ўринли кабина бўлиб, 1 соатда 660 нафар сайёҳларга хизмат қилади. Лойиҳа доирасида 1 кунда ўртача 4 минг нафар,
1 ойда 100 минг, 1 йилда 700 минг нафар ташриф буюрувчиларга хизмат кўрсатилади.
Бундан ташқари, ҳудудда бўш турган ерлардан самарасиз фойдаланаётган ўзимизнинг тадбиркорлар учун жозибадорлиги ошишига, янгидан туризм лойиҳаларининг кўпайишига ҳам ўз таъсирини кўрсатди.
Мисол учун, “Ҳисоракгидроқурилиш” МЧЖ томонидан 15 млн. доллар маблағ эвазига 8 гектар ер майдонида дам олиш маскани комплекси, 3,7 гектарга экопарк ва “Мираки” ҳудудига ташриф буюрувчилар учун транспорт хизматларини кўрсатувчи автотураргоҳ ташкил этиш режалаштирилган. Ҳозирда, ушбу лойиҳа доирасида 22 та ноанъанавий кемпинглар қурилди.
“Мираки” маҳалласи туманимизнинг тоғли маҳаллалари учун бўсаға ҳисобланади. “Мираки”да туризмнинг ривожлантирилганлиги Сув омбори ва унинг атрофида, Ҳисорак, Сарчашма, Сайёд, Сувтушар, Ғелон, Кўл ва
Ҳазрати Султон каби диққатга сазовор жойларимизни туризм занжири сифатида бир бирига боғлади.
Туманимизда 22 йилдан буён ишламасдан турган аэропорт фаолияти қайта йўлга қўйилди. Бу эса, туманимизга бир ҳафтада 4 маротаба авиақатновлар
(АТR-72 70 ўринли, L-410 17 ўринли) амалга оширилиб, маҳаллий ва хорижий сайёҳларни жалб қилмоқда.
Бу ҳам, Шаҳрисабз номининг нафақат республикамиз балки қўшни давлатларда ҳам кенгайишига, туманимизнинг ривожланишига туртки берди.
Бу ерда ҳозирда, туризм билан биргаликда маданий, ижтимоий-иқтисодий ва спорт тадбирлари ўтказилмоқда.
Бундан ташқари, "Оқдарё дарёси" қирғоғида
23 млрд. сўмлик маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 10 км узунликда саломатлик, пиёдалар ва вело йўлаклар қурилди. Унинг атрофида 50 та кўчма савдо объектлари ташкил этилди.
Йўлак бўйлаб туризм хизмат кўрсатиш турлари ташкил этилиб, савдо дўконлари, музқаймоқ ва кофе сотиш,
расм тушиш, электрокарда сайр қилиш, велосипед ва электросамокатлар ижараси шунингдек, ҳудудда WI-FI зонаси ташкил этилди.
Мазкур йўлак “Мираки” маҳалласидаги туризм объектларини ҳам бир-бирига узвий боғлаб ташриф буюрувчилар ва аҳолига қулайлик яратади ва сайёҳлар учун кундуз ва кечки пайтлари сайр қилиш, табиатни томоша қилиш имконини беради.
Жорий йилда Президентимизнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида Шаҳрисабз туманида амалга оширилган ишлар юксак баҳога сазовор бўлгани, бу борада барча туманларга намуна сифатида кўрсатилиб, ўз кўзлари билан кўришлари кераклиги таъкидлангани - биз учун катта эътирофдир.
Ушбу жараёнларда барча корхона ходимлари,
кенг жамоатчилик, “маҳалла еттилиги”, ободонлаштириш, йўл-қурилиш, электр таъминоти, ичимлик суви тизими ва бошқа кўплаб соҳа ходимларининг фидокорона меҳнати мужассам. Уларнинг меҳнатини алоҳида таъкидлаб, самимий миннатдорчилик билдираман.
Мираки ҳудудида бошланган ишлар – бу ҳали бошланиши, олдинда янада улкан режалар ва лойиҳалар амалга оширилиши кутилмоқда. Шубҳасиз, бу ишларнинг барчаси Шаҳрисабз туманининг равнақи ва келажаги учун хизмат қилади.
Бундан ташқари, Шаҳрисабз туманида Россиялик инвесторлар билан биргаликда лойиҳа қиймати
300 млн доллар бўлган тоғли Ғелон ва Сарчашма қишлоқлари ўртасида 3 000 гектар умуммавсумий тоғ-чанғи комплекси ташкил этиш ишлари бошланмоқда.
Натижада бир вақтнинг ўзида 7 000 нафар маҳаллий ва хорижий сайёҳларни қабул қилиш имкони яратилади.
Бундан ташқари, ташриф буюрувчиларга сифатли туризм хизматларини кўрсатиш мақсадида кадрларни тайёрлаш, ташриф буюрувчиларга сифатли туризм хизматларини кўрсатиш юзасидан ёшларни ўқитиш ва ўргатиш режалаштирилган.
ТАДБИРКОРЛИК ва САНОАТ соҳасида
Туманимизда тадбиркорликни ривожлантиришда мавжуд имкониятларимиздан ташқари, қўшимча имкониятларимизни ҳам аниқлаб, улардан фойдаланишни йўлга қўймоқдамиз. Бу эса, тадбиркорларимиз сонини кўпайишида ўзининг самарасини бермоқда.
2019 йилда туманимизда 937 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритган бўлса, 2025 йилга келиб 3 199 та тадбиркорлик субъектлари фаолият юритмоқда. Яъни, охирги 6 йилликда тадбиркорлик субъектлари 2 263 тага ошди ёки 3,4 баробарга кўпайди.
Муҳтарам Президентимиз қабул қилган қарор натижасида тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга етарлича шарт-шароитлар яратиб бераётган имкониятлари асосида туманимизда охирги 4 йил ичида 12,5 гектар ер майдонида 4 та кичик ва ёшлар саноат зоналари ташкил этилиши ҳам катта рол ўйнамоқда.
Туманимизда жами 325 млрд. сўмлик 41 та саноат лойиҳалари амалга оширилиб, 610 та иш ўринлари яратилади.
Натижада, саноат корхоналаримиз сони 188 тадан 350 тага кўпайди. Бунда, туманимизда янги турдаги саноат маҳсулотлари: мебелчилик, полиэтилин қувурлар,
текстил-трикотаж, яшил энергия ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
Мисол учун:
- “Оқсарой текстиль” МЧЖ томонидан 2021-2023 йилларда умумий қиймати 77 млн. доллар хорижий кредит ҳисобига сунъий тола аралашмали ип-калава ва мато ишлаб чиқариш бўйича
3 та фабрикалар ишга туширилиб, 1 000 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
ҚУРИЛИШ соҳасида
Охирги 3 йиллик давомида туманимиздаги 203 та ижтимоий-иқтисодий объектларда қуриш ва таъмирлаш ишлари олиб борилиб, жами 613 млрд. сўм маблағ йўналтирилди.
Шундан, жорий йилнинг ўзида 42 та объектларни қуриш ва таъмирлаш ишлари учун жами 253 млрд. сўм маблағ ажратилиб, бугунги кунда жадаллик билан қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, фуқароларимиз ҳам маҳаллаларни ободонлаштириш ва инфратузилма объектларини яхшилашда ўз фаолликларини кўрсатишмоқда. Биргина, “ОПЕН БЮДЖЕТ” дастури доирасида 2021-2025 йилларда 55 та маҳаллаларда 68 та ташаббуслари ғолиб деб топилиб, жамғарма томонидан 73 млрд. 325 млн. сўм маблағ молиялаштирилиб, қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди.
МАКТАБГАЧА ВА МАКТАБ ТАЪЛИМИ соҳасида
Туманимизда 86 та умумтаълим мактаблари ҳамда давлат, хусусий ва оилавий 301 та мактабгача таълим ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. Бошланаётган
2025-2026 ўқув йилидан умумтаълим мактаблари сони 86 тага етказилди.
2023-2024 ўқув йилида 2 424 нафар битирувчидан
1 091 нафари, яъни 45 фоизи Олий ўқув юрти талабаси бўлган бўлса, 2024-2025 ўқув йилида 2 258 нафар ўқувчидан 1 035 нафари, яъни 46,4 фоизи олий таълим муассасалари талабаси бўлишди.
Биргина, тумандаги ихтисослаштирилган мактабдан
29 нафар 28 нафари Давлат олий таълим муасссаларига,
1 нафари Webster университетига қабул қилинган.
2024-2025 ўқув йилида 11-синф ўқувчиларидан
16 нафари олтин ва 14 нафар кумуш медаллар билан тугатди.
11-синф битирувчиларидан 150 нафари 6,7 % муддатидан олдин олий ўқув юрти талабаси бўлиш имкониятини қўлга киритди.
Тумандаги умумий ўрта таълим мактабларида фаолият кўрсатаётган 415 нафар ўқитувчилар миллий ва халқаро сертификатларга эгадир.
СПОРТ бўйича
Спорт соҳасида яратиб берилган имкониятлар натижасини туманимиз ёшларининг эришган ютуқларида ҳам ўз аксини топмоқда.
Ёшларимиздан “Чоршанбе” маҳалласида яшовчи Алиева Дилнура Боҳромжон қизи, Ёшларимиздан “Чоршанбе” маҳалласида яшовчи Алиева Дилнура Боҳромжон қизи, “Нурафшон” маҳалласидан Тоғаев Шерзод Йўлдош ўғли, “Чоршанбе” маҳалласидан Хушвақтов Хушнуд Хуршид ўғли Осиё ва Ўзбекистон чемпионатларида юқори ўринларни эгаллаб, Ватанимиз байроғини юксакларга кўтаришмоқда.
Уларга кейинги мусобақаларда ҳам омад тилаб қоламиз ҳамда ёшларимизнинг бу муваффақиятли натижаларга эришгани билан ота-оналари ва устозларига ўз миннатдорчилигимизни билдириб қоламиз.
Азиз ва муҳтарам ватандошлар!
Фурсатдан фойдаланиб, ислоҳотларимизни фаол қўллаб-қувватлаб, уларни амалга оширишда доимо фидойилик кўрсатиб келаётган меҳнаткаш, олижаноб ва бағрикенг туманимиз аҳолисига чин дилдан миннатдорлик билдираман.
Сиз, азизларни, бутун туманимиз халқини давлатимиз мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман.
Юртнинг кучи – бирликда, қадри эса тинчликдадир!
Эзгу орзу-ниятларимиз амалга ошсин!
Яратганнинг ўзи барчамизни паноҳида асрасин!
Юртимиз тинч, халқимиз омон, Мустақиллигимиз абадий бўлсин!
