Мурожаатнома: Маҳаллаларда хавфсиз ва барқарор муҳитни шакллантириш
2026-02-03 17:30:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-январдаги “Республика маҳаллаларида хавфсиз муҳитни яратиш йўналишида яхлит, манзилли ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–1 ва ПҚ–2-сонли қарорлари билан мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этишнинг мутлақо янги, самарали ва тизимли ёндашуви белгилаб берилди.
Маҳаллаларда хавфсиз ва барқарор муҳитни шакллантиришда ҳар бир фуқаронинг фаоллиги, ҳушёрлиги ва бефарқ бўлмаслиги муҳим аҳамият касб этади. Зеро, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш фақат давлат идораларининг саъй-ҳаракатлари билангина эмас, балки аҳолининг ҳуқуқий онги, фуқаролик масъулияти, ўзаро ҳамжиҳатлиги ва ҳушёрлиги орқали самарали таъминланади.
Бугунги кунда туман ҳудудида энг кўп учраётган жиноятлардан бири ўғирлик жинояти бўлиб, ўтган 2025 йил давомида содир этилган жиноятларнинг 35 тасини, жорий йил январ ойида содир этилган жиноятларнинг 2 тасини ўғирлик жиноятлари ташкил қилмоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, аксарият ҳолларда ушбу жиноятлар фуқароларнинг бепарволиги, мол-мулкни етарли даражада ҳимояламаслик, уй-жой ҳамда хўжалик обектларида хавфсизлик чораларига риоя қилмаслик оқибатида содир этилмоқда.
Ҳурматли юртдошлар!
Жиноятчиликнинг олдини олишга барчамиз бирдек масъулмиз. Шу боис туманимизни жиноятчиликдан ҳоли ҳудудга айлантиришга ўз ҳиссангизни қўшишингизни, мол-мулкларингизни эътиборсиз қолдирмаслигингизни сўраб қоламан.
Юртимизда тинч ва осойишта ҳаётни янада мустаҳкамлаш, маҳаллаларимизда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олиш йўлида ягона куч бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилайлик.
Жиноятчиликка қарши курашиш — бу нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг хизмат вазифаси, балки ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчи ва фуқаролик масъулиятидир. Огоҳлик, ҳушёрлик ва ўзаро ҳамкорлик жиноятчиликка қарши курашишнинг энг ишончли ва самарали воситасидир.
Шуни унутманг: жиноятга жазо муқаррар. Бугунги огоҳлик — эртанги хавфсизлигимиз, фаровонлигимиз ва осойишталигимизнинг мустаҳкам гаровидир.Эътиборингиз учун раҳмат.
