Сайхунобод тумани ҳокимининг ўринбосари аҳоли ва соҳа ходимларига МУРОЖААТИ
2025-09-30 17:55:00 / Янгиликлар

Ҳурматли Сайхунобод тумани аҳолиси ва қурилиш соҳаси вакиллари!
Бугунги кунда мамлакатимизда қурилиш соҳаси энг тез ривожланаётган йўналишлардан бири бўлиб, унинг самарадорлиги ва сифатли бажарилиши тўғридан-тўғри халқимизнинг фаровон ҳаёти ва ҳудудларимиз ободонлигига бевосита таъсир қилади. Шу боис ушбу соҳада коррупсияга қарши курашиш, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш энг муҳим вазифаларимиздан биридир.
Аввало, қурилиш жараёнларида коррупсия ҳолатларининг олдини олиш учун:
Қурилиш лойиҳалари бўйича тендер савдолари очиқ ва шаффоф ўтказилади;
Иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратилади, ҳар қандай ғирромлик ва келишувларга қатъий барҳам берилади;
Барча танлов натижалари расмий манбаларда эълон қилиниб, жамоатчиликка тақдим этилади;
Қурилиш жараёнида сифат, муддат ва маблағ сарфланиши устидан доимий назорат ўрнатилади;
Фуқаролардан келаётган мурожаат ва таклифлар бевосита кўриб чиқилиб, жамоатчилик назорати кучайтирилади.
Ҳурматли юртдошлар!
Қурилиш соҳасида ҳар қандай яширин келишувлар, ортиқча харажатлар ва ноқонуний манфаатдорлик охир-оқибат халқимиз фаровонлигига путур етказади. Шу сабабдан, Сизларни ҳам қурилиш жараёнларида очиқликни таъминлаш, ҳалоллик тамойилларига амал қилиш ва коррупсияга қарши курашишда фаол фуқаролик позициясини намоён этишга чақираман.
Барчамизнинг умумий мақсадимиз – Сайхунобод туманини обод, замонавий ва коррупсиядан холи ҳудудга айлантиришдир.
Ҳурмат билан
Сайхунобод тумани ҳокимининг қурилиш, тўсиқларсиз муҳит яратиш, коммуникациялар, коммунал хўжалик, экология ва кўкаламзорлаштириш масалалари бўйича ўринбосари — Тавбаев Жўрамурод
