Турон маҳалласида қурилаётган турар-жойлар жамоатчилик эътиборида
2025-07-17 10:50:00 / Янгиликлар

Сайхунобод тумани Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими томонидан "Турон" маҳалласида қурилаётган кўп қаватли уй-жойларда олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.
Тадбирда маҳаллий оммавий ахборот воситалари вакиллари, жамоатчилик фаоллари, қурилиш ташкилотлари масъуллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Пресс-тур иштирокчилари қурилиш майдонига ташриф буюриб, ерида олиб борилаётган иш жараёнлари билан танишдилар.
Маълумотларга кўра, мазкур турар-жой мажмуалари замонавий меъморий ечимлар асосида, барча қурилиш-меъёрий талабларга қатъий амал қилинган ҳолда барпо этилмоқда. Кўп қаватли уйларда замонавий муҳандислик-коммуникация тизимлари, энергия тежамкор технологиялар ва қулай яшаш шароитлари яратилиши режалаштирилган.
Қурилиш ишларининг сифатли ва ўз вақтида якунланишини таъминлаш мақсадида доимий техник назорат олиб борилмоқда. Ҳозирда монтаж ишлари якуний босқичга кирган бўлиб, тез орада янги уйлар аҳолига топширилиши режалаштирилган.
Пресс-тур давомида Қурилиш бўлими масъуллари томонидан журналистлар саволларига жавоб берилди ва лойиҳа доирасида режалаштирилган инфратузилма объектлари – болалар майдончалари, автотураргоҳ, яшил ҳудудлар ҳақида ҳам батафсил маълумотлар тақдим этилди.









