Илғор тажриба – ҳосилдорлик гарови: Сайхунободлик фермерлар Боёвут тажрибасини ўрганмоқда
2025-07-14 10:25:00 / Янгиликлар

Аграр соҳани ривожлантиришда тажриба алмашиш, замонавий технологияларни ўрганиш ва уларни амалиётга татбиқ этиш муҳим ўрин тутади. Шу мақсадда Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажанов бошчилигида туманнинг бир гуруҳ илғор фермерлари Боёвут туманида фаолият олиб бораётган “Боёвутлик Ҳумоюн” фермер хўжалигига ташриф буюришди.
Ташриф давомида меҳмонлар фермер хўжалигидаги замонавий ёндашувлар, инновацион технологиялар асосида олиб борилаётган деҳқончилик ишлари билан яқиндан танишиш имкониятига эга бўлишди. Хусусан, хўжалик томонидан Хитой технологияси асосида 58 гектар ер майдонида юқори ҳосилдорликка эга бўлган “ХинЛуЗао-78” хорижий навли пахта экилиб, доимий агротехник парвариш ишлари олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, ғалладан бўшаган 16 гектар майдонга яна шу навли пахта қўшқатор усулда экилган. Бу услуб ўзининг унумдорлиги билан ажралиб туради — ер майдонидан самарали фойдаланишга, ўсимликлар орасидаги шамолланишни яхшилашга ҳамда меъёрий ўсишга шароит яратади.
Инновацион ёндашувлар бу билан чекланмайди. Фермер хўжалиги томонидан ғалладан бўшаган яна 8 гектар ер майдонига томчилатиб суғориш технологияси асосида шоли экилган. Томчилатиб суғориш — бугунги кунда энг замонавий ва тежамкор сув таъминот усулларидан бири бўлиб, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, ўсимликларни бевосита илдиз қисмларидан суғориш орқали оптимал ўсиш муҳитини яратади.
Хўжалик фақат деҳқончилик билан чекланмай, дала маданиятига ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Хусусан, далаларнинг чет қисмларига манзарали ва мевали дарахт кўчатлари экилган бўлиб, бу ерга ўзгача чирой, маданий муҳит бағишламоқда.
Сайхунободлик фермерлар бу ташрифдан чуқур таассуротлар билан қайтишди. “Боёвутлик Ҳумоюн” фермер хўжалигида кўрилган илғор тажрибалар, замонавий технологиялар, самарали парвариш услублари улар учун қимматли тажриба мактаби бўлди. Фермерлар бу ёндашувларни ўз ер майдонларида ҳам қўллашни режалаштирганликларини билдирдилар.









