Мен ҳар доим бир нарсани айтаман — Давлат, халқнинг муаммосини ҳал этмаса, раҳбарликнинг қиймати йўқ!
2025-06-22 11:00:00 / Янгиликлар

Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажанов ҳамда туман прокурори Бекмурод Курбанов томонидан навбатдаги сайёр қабул ўтказилди. Ушбу тадбир аҳолининг дарду муаммоларини эшитиш, уларни жойида ҳал этиш ва фуқаролар билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида ташкил этилди.
Сайёр қабул давомида аҳолидан келиб тушган мурожаатлар орасида иш билан таъминлаш, ижтимоий ёрдам, уй-жой масалалари, ер ажратилиши, соғлиқни сақлаш ва бошқа турли масалалар бўйича мурожаатлар бўлди. Ҳар бир мурожаат синчиклаб кўриб чиқилди, тегишли масъуллар иштирокида муҳокама қилиниб, қонуний асосда ечимлар белгиланди.
Эътиборлиси шундаки, айрим муаммолар шу ернинг ўзида ҳал этилди. Моддий ёрдамга муҳтож оилаларга кўмак кўрсатиш, айрим ёшларга бандлик масаласида амалий йўлланмалар бериш каби масалалар дарҳол ижобий ҳал қилинди.
“Мен ҳар доим бир нарсани айтаман — Давлат, халқнинг муаммосини ҳал этмаса, раҳбарликнинг қиймати йўқ!” — деди Комилжон Муллажанов.
Ушбу сўзлар нафақат сайёр қабулдаги иштирокчиларга, балки барча масъулларга ҳаётий сабоқ бўлиб янгради. Чунки бугунги раҳбар — халқ ичида, унинг муаммосига бефарқ бўлмаган, чин дилдан хизмат қиладиган инсон бўлиши керак.
Сайхунобод туманида бундай сайёр қабуллар мунтазам ташкил этилиб, аҳоли муаммоларига амалий ечимлар топилмоқда.






