Сайхунобод туманида жиноятчилик ва коррупсияга қарши курашиш ишлари ҳолати танқидий кўриб чиқилди
2025-06-20 10:05:00 / Янгиликлар

Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева бошчилигида Коррупсияга қарши курашиш миллий кенгашининг бугун Сирдарё вилояти Сайхунобод туманида бўлиб ўтган сайёр мажлисида вилоятда жиноятчилик ва коррупсияга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар ҳолати танқидий муҳокама қилинди.
Республика идоралараро ишчи гуруҳи томонидан Гулистон шаҳри, Сирдарё, Сайхунобод, Мирзаобод ва Ховос туманларидаги соғлиқни сақлаш, бандлик, банк, мактабгача ва мактаб таълими, кадастр-қурилиш соҳаларида 50 дан ортиқ обект ҳамда маҳаллаларда ўтказилган ўрганишларда коррупсияни олдини олиш ва унга қарши курашиш ишлар етарли даражада йўлга қўйилмагани аниқланди.
Масалан, соғлиқни сақлаш, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари фаолиятида бюджет маблағларини талон-торож қилиш, бўш иш ўринлари ҳақидаги маълумотларни яшириш, таниш-билишчилик ҳолатлари ҳамон учраб турибди. Ноқонуний қурилишларни аниқлаш, уларни бартараф этиш борасидаги ишлар ҳам суст эканлигининг гувоҳи бўлдик. Банклар томонидан кредит ва тавсиянома бериш тартибларини аниқ ҳуқуқий асосларга боғлаш, мониторингни рақамлаштириш, жамоатчилик ва ички назоратни кучайтириш, аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда,
— деди А.Бурханов.
Ўрганишлар давомида вилоятнинг 7 нафар бошқарув ходими тадбиркорлик субектларида таъсисчилик ёки раҳбарлик асосида фаолият юритиб келаётганлиги аниқланиб, уларга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилди ва тегишли судга юборилди.
Аниқланган камчиликлар юзасидан мутасаддиларнинг шахсий жавобгарлигини ошириш ва тегишли раҳбарларга нисбатан қатъий чоралар кўриш бўйича Миллий кенгашга таклиф киритилди.
Қайд этилган масалалар юзасидан соҳаларга масъул бўлган раҳбарларнинг ахбороти эшитилди.
Мажлис якунида Сайхунобод туманини “Коррупсиядан холи ҳудуд”га айлантиришга оид алоҳида амалий чора-тадбирлар белгиланди.
———
Коррупсияга дуч келсангиз Агентликнинг “Cалл-маркази” – 1253 орқали мурожаат қилишингизни сўраймиз.









