Сайхунободда таълим инфратузилмасини яхшилаш йўлида пресс-тур ташкил этилди
2025-06-14 14:30:00 / Янгиликлар

Сайхунобод туманида Мактабгача ва мактаб таълими бўлими томонидан таълим сифатини ошириш, болажонлар учун қулай ва замонавий шароитлар яратиш мақсадида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишлари доирасида ОАВ вакиллари иштирокида пресс-тур ташкил этилди.
Пресс-тур давомида журналист ва блогерлар туман ҳудудидаги бир нечта таълим муассасаларига ташриф буюриб, айни пайтда олиб борилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларини кўздан кечиришди.
Биринчи манзил сифатида 2- ва 7-сонли мактабгача таълим ташкилотларига ташриф уюштирилди. Бу масканларда болажонлар учун қулай, хавфсиз ва замонавий шарт-шароитларни яратиш мақсадида кенг кўламли мукаммал таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани таъкидланди. Бинолар фасадларидан тортиб, ички муҳитгача тўлиқ янгиланмоқда. Айниқса, иситиш тизимлари, санитария-гигиена ҳолатлари ва ўқув-машғулот хоналари замонавий стандартларга мослаштирилаётгани диққатга сазовор бўлди.
Шундан сўнг, пресс-тур иштирокчилари 3-умумтаълим мактабига йўл олишди. Бу ерда ҳам қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Мактаб биноси замонавий лойиҳа асосида реконструкция қилиниб, ўқувчиларга янада кенгроқ, ёруғ ва қулай шароитлар яратилмоқда. Шу билан бирга, спорт заллари, овқатланиш блоклари ва кутубхоналар ҳам тўлиқ таъмирдан чиқарилиши режалаштирилган.
Ташкил этилган пресс-тур нафақат таълим тизимидаги ўзгаришлар билан таништириш, балки бу борадаги шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ва ижтимоий фаолликни оширишга хизмат қилди. ОАВ вакиллари томонидан берилган саволларга мутасадди раҳбарлар жойида жавоб бериб, ишлар қамрови, муддати ва сифат даражаси бўйича атрофлича маълумотлар тақдим этдилар.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Сайхунобод туманида таълим инфратузилмасини ривожлантириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар замирида юрт келажаги бўлган ёш авлодга муносиб шароит яратиш, уларнинг баркамол инсон бўлиб улғайишига замин ҳозирлаш мақсади мужассам.









