Гулистон маҳалласида оммавий сайёр қабул бўлиб ўтди.
2025-05-21 11:00:00 / Янгиликлар

Бугун Сайхунобод туманининг Гулистон маҳалласида муҳим тадбир – 9 та маҳалла фуқаролари учун ташкил этилган оммавий сайёр қабул бўлиб ўтди. Ушбу оммавий сайёр қабулда Сайхунобод тумани ҳокими Комилжон Муллажанов ҳамда Республика ишчи гуруҳи вакиллари фаол иштирок этди.
Сайёр қабулнинг асосий мақсади – аҳолининг кундалик ҳаётидаги муаммо ва таклифларини бевосита эшитиш, мавжуд муаммоларни жойида аниқлаб, имкон қадар тезкор ҳал этишдан иборат. Аҳоли билан очиқ ва самимий мулоқотда бўлиш, уларнинг дарду ташвишларига қулоқ тутиш бугунги тадбирнинг бош мезонига айланди.
Қабул давомида фуқаролар томонидан йўл, ичимлик суви, электр таъминоти, ижтимоий ёрдам, иш билан таъминлаш ва бошқа турли йўналишларда муҳим мурожаатлар билдирилди. Қувонарлиси, аксарият муаммолар айни қабул жараёнида тегишли масъуллар иштирокида ҳал этилди ёки тез орада ижобий ечим топиш учун чора-тадбирлар белгиланди.
“Бугун ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири, унинг орзуси, яшаш шароити турибди. Биз бу ишончга муносиб жавоб беришга ҳаракат қиламиз. Муаммоларни жойида эшитиб, шу ернинг ўзида ҳал қилиш орқали халқ ишончини мустаҳкамлашни мақсад қилганмиз”, дейди - тумани ҳокими Комилжон Муллажанов.
Шунингдек, Республика ишчи гуруҳи вакиллари томонидан айрим муаммоли масалалар бўйича ўрганиш ишлари олиб борилиб, уларнинг тизимли ҳал этилиши учун тегишли тавсиялар берилди.
Ушбу сайёр қабул фуқароларни ўйлантираётган масалаларга бефарқ бўлмаслик, раҳбариятининг “халқ билан мулоқот – инсон қадри учун” тамойилига содиқ қолаётганининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Аҳоли вакиллари ўз навбатида бундай ташаббуслардан мамнун эканликларини билдирар экан, бу каби учрашувларнинг мунтазам ўтказилиб туришини истаётганликларини таъкидладилар.









