Халқ депутатлари Сайхунобод тумани Кенгаши котибяти мудирининг туман аҳолиси ҳамда туман ташкилот ва корхона раҳбарларига мурожаатномаси
2025-10-27 16:05:00 / Янгиликлар

Коррупсия – тараққиёт кушандаси!
Сайхунобод тумани аҳолисига мурожаат
Ҳурматли сайхунободликлар!
Бугунги кунда дунё миқёсида барча мамлакатлар тараққиёти, халқ фаровонлиги ва иқтисодий барқарорликнинг энг муҳим омилларидан бири — коррупсиясиз, ҳалол ва шаффоф бошқарув тизимини яратиш ҳисобланади.
Коррупсия нафақат қонунбузарлик, балки жамият тараққиётини секинлаштирувчи, халқ ишончини йўққа чиқарувчи энг хавфли иллатдир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, коррупсия – бу халқимизнинг тинч ҳаёти, келажаги ва адолатли жамият барпо этиш йўлидаги энг катта тўсиқдир. Ҳар қандай пора ёки манфаатпарастлик нафақат қонунни, балки инсонийликни ҳам таҳқирлайди.
Коррупсиянинг энг зарарли оқибати шундаки, у жамиятда ишончсизликни, адолацизликни ва норозиликни кучайтиради. Тадбиркорлар, сармоядорлар ва хорижий ҳамкорлар ишончини йўқотади, инвестиция муҳитини издан чиқаради. Бу эса иқтисодий ўсиш ва янги иш ўринлари яратилишига жиддий тўсиқ бўлади.
Шу боис, бизнинг бурчимиз – инвестициялар ва ташқи савдо соҳасида ҳалоллик, очиқлик ва масъулиятни ҳар бир қарор ва ҳар бир амалий ишда таъминлашдир.
Биз ҳеч қачон пора ёки ноқонуний манфаат эвазига қарор қабул қилмаслигимиз, ҳар қандай коррупсион хатти-ҳаракатга қатъий чора кўришимиз зарур.
Ҳурматли фуқаролар!
Сизларни ҳам ҳар қандай коррупсион ҳолатга нисбатан бефарқ бўлмасликка, бу борада фаол фуқаролик позициясини намоён этишга чақираман. Ҳар бир инсоннинг ҳалол меҳнати қадрланадиган, ҳар бир тадбиркорнинг ҳуқуқи ҳимояланадиган муҳитни биргаликда яратайлик.
Келинг, биргаликда “Ҳалоллик – энг олий қадрият, коррупсиясиз муҳит – тараққиёт кафолати” тамойилини амалий ҳаётга татбиқ этайлик.
Сайхунобод туманининг ҳар бир ходими, тадбиркори ва фуқароси бу йўлда ўз ҳиссасини қўшса, биз туманимизни иқтисодий барқарор, инвестицион жозибадор ва адолатли ҳудудга айлантира оламиз.
Унутманг:
Коррупсияга қарши кураш – фақат давлатнинг эмас, балки ҳар бир виждонли фуқаронинг ҳам бурчидир!
Ҳурмат билан, Халқ депутатлари Сайхунобод тумани Кенгаши котибяти мудири - Бурхонова Ўғилбу Ташкенбаевна
