Сайхунобод туманида тиббиёт фидойилари эъзозланди
2025-11-10 17:05:00 / Янгиликлар

Сайхунобод туманида “Тиббиёт ва фармацевтика ходимлари куни” муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди. Шу муносабат билан “Бахтиёр” тантаналар мажмуасида соғлиқни сақлаш соҳасида самарали фаолият юритиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиб келаётган тиббиёт соҳасининг азиз вакиллари эҳтиром билан ёдга олинди.
Тадбирни туман ҳокимининг ўринбосари Шухрат Баратов очиб берар экан, тиббиёт ходимларининг жамиятдаги ўрни ва масъулиятини алоҳида таъкидлаб, йиғилганларни самимий табриклади.
Тиббиёт ходимлари – ҳаётимиз посбонлари. Уларнинг меҳнати, эътибори ва инсонийлик фазилатлари туфайли ҳар бир юртдошимиз соғлом, оилалар эса бахтиёр ҳаёт кечирмоқда. — деди Шухрат Баратов
Тадбир давомида соҳага садоқат билан хизмат қилаётган бир гуруҳ тиббиёт ва фармацевтика ходимлари туман ҳокимлиги томонидан ташаккурномаси ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Байрам тадбири куй-қўшиқлар, рақслар ва самимий табриклар билан давом этди. Санъаткорларнинг чиқишлари йиғилганларга қувонч ва кўтаринки кайфият улашди.









