Сайхунобод туманида янги ташкил этилган саноат корхонасининг фаолияти ўрганилди
2025-11-10 12:50:00 / Янгиликлар

Сайхунобод тумани саноат салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш ва тадбиркорликни ривожлантириш борасидаги амалий ишлар изчил давом этмоқда. Шу мақсадда туман ҳокими Комилжон Муллажанов бошчилигидаги саноат штаби аъзолари "Гулистон" маҳалласи ҳудудида янги ташкил этилган “Сайхун Марварид” МЧЖ корхонасида бўлиб, унинг фаолияти билан яқиндан танишди.
Корхонада мавжуд ишлаб чиқариш қувватлари, технологик имкониятлар ҳамда келгусидаги режалар атрофлича кўриб чиқилди.
“Бизнинг асосий мақсадимиз — ҳар бир корхонани қўллаб-қувватлаб, уларнинг тўлиқ қувватда ишлаши ва янги иш ўринлари яратилишини таъминлашдир. Ҳар бир тадбиркор биз учун муҳим, уларнинг муваффақияти — туман тараққиётининг гаровидир." — дейди туман ҳокими Комилжон Муллажанов
Мазкур ташрифлар доирасида аниқланган муаммолар туман саноат штаби томонидан мунтазам назоратга олиниб, уларнинг ечими юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш белгиланди.





