Сариосиё туманига янги ҳоким тайинланди
2025-11-01 14:30:00 / Янгиликлар

Халқ депутатлари Сариосиё тумани Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Унда Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов иштирок этди.
Сессияда ташкилий масала кўриб чиқилди. Шу вақтга қадар Сариосиё тумани ҳокими вазифасида ишлаб келган Абдуқодир Донаев бошқа ишга ўтганлиги сабабли лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Вилоят раҳбари туман ҳокими вазифасига Яқубов Одилжон Алмахамадович номзодини таклиф қилди ва номзод туман Кенгаши депутатлари томонидан маъқулланди.
Одилжон Яқубов 1983-йилда Олтинсой туманида туғилган. 2005-йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини солиқлар ва солиққа тортиш мутахассислиги бўйича тамомлаган.
Меҳнат фаолияти давомида солиқ органларида турли вазифаларда, хусусан, Денов ва Термиз туманларида давлат солиқ инспекцияси бошлиғи, туман ҳокимининг биринчи ўринбосари лавозимларида ишлаган.
Тайинловга қадар Сурхондарё вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.



