Мурожаат
2025-10-23 16:00:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

Сариосиё тумани ҳокими Абдуқодир Донаевнинг 2025-2026 йил куз-қиш мавсумига тайёргарлик юзасидан туман аҳолисига мурожаати
Ҳурматли туманимиз аҳолиси ва меҳмонлари!
Маълумки, ҳар йили куз-қиш мавсумида аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини иссиқлик, электр ва газ билан узлюксиз таъминлаш масаласи юртимиз раҳбариятининг доимий эътиборида бўлиб келмоқда. Бугун бу йўналишда Сариосиё туманида ҳам кенг кўламли амалий ишлар изчил давом эттирилмоқда.
Мавсумга тайёргарлик жараёнлари барча соҳаларда тизимли равишда ташкил этилди. Ижтимоий соҳа объектларида аниқланган камчиликлар бартараф этилди, таълим, тиббиёт ва маданият муассасалари тўлиқ тайёр ҳолатга келтирилди.
Жорий йилда туманнинг 59 та маҳаллаларида аҳоли учун 4 140 тонна кўмир маҳсулоти етказиб бериш режалаштирилган бўлиб, шундан 438 тоннаси келтирилиб тарқатилди. Туманда 166 та ижтимоий соҳа муассасаларига эса 5 941 тонна кўмир тарқатилиб, режа тўлиқ бажарилди. Аҳоли эҳтиёжлари учун кўмир маҳсулотларини етказиб бериш ишлари тизимли ва режалари тартибда амалга оширилади ҳамда юзага келадиган талабни инобатга олган ҳолда қўшимча кўмир келтириш чоралари кўрилади.
Шу билан бирга, аҳоли хонадонларини узлюксиз электр энергияси билан таъминлаш мақсадида 41 та трансформатор пункти мукаммал таъмирланди, 119,1 километрга яқин электр узатиш тармоқлари янгиланди ва жорий таъмирдан ўтказилди.
“Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида қатор маҳаллаларда янги трансформаторлар ўрнатилди, электр ва газ тармоқлари янгиланди. Табиий газ таъминоти тизимидаги носозликлар бартараф этилди, 24 километрлик газ қувури бўялиб, тартибга келтирилди.
Шунингдек, тумандаги барча муҳандислик коммуникациялари ҳолати ўрганилиб, эҳтимолий авария ҳолатларининг олдини олиш учун махсус тиклаш бригадалари шакллантирилди.
Ҳурматли тумандошлар!
Бу ишлардан кўзланган асосий мақсад - аҳолимизнинг турмуш шароитида қулайлик яратиш, хонадонларда иссиқлик ва ёруғликни таъминлаш, фарзандларимиз таҳсил олаётган мактабларда, беморлар шифо излаётган шифохоналарда, аҳолимиз фойдаланадиган ижтимоий муассасаларда барқарорликни таъминлашдир.
Биз ҳар бир соҳа раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда фуқароларимиз учун қулай муҳит яратиш, узлюксиз энергия таъминотини кафолатлаш йўлида изчил фаолият юритмоқдамиз.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025-йил 21-июлдаги “Иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ва энергетика соҳаси объектлари ҳамда кўп квартирали уй-жой фондини 2025-2026 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида” 453-сонли ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимининг 2025-йил 28-июлдаги 417-8-0-Қ/25-сонли қарорлари ижросини таъминлаш мақсадида 2025 йил 26 сентябр кунида Сариосиё тумани ҳокимининг тегишли қарори ишлаб чиқилиб, ижрога қаратилди.
Қарорга мувофиқ
иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий соҳа объектлари ва кўп квартирали уй-жой фондини куз-қиш даврига тайёрлаш ишларини мувофиқлаштириш бўйича туман комиссияси таркиби тасдиқланиб бу борада ишлар соҳа кесимида амалга оширилмоқда.
Бундан ташқари, 2025-2026 йил куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш ҳамда вужудга келган муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш мақсадида, Сариосиё тумани ҳокимлигида узлюксиз навбатчилик штаби ташкил этилган.
Туманимиздаги ҳар бир хонадоннинг куз-қиш мавсумида фаровон, тинч ва хавфсиз бўлиши учун бор куч ва имкониятлар сафарбар этилган.
Шу муносабат билан барчангизни масъулиятли бўлишга, мавсум давомида ресурслардан тежамкор фойдаланишга, уй ва ҳовлиларингизни тайёр ҳолатда ушлаб туришга, ис гази ва бошқа кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида керакли чораларни кўришга чақириб қоламан.
Бунинг учун тумандаги мутасадди ташкилотлар аҳолимизга барча зарур кўмакларни кўрсатиш ҳамда хавфсизлик чораларини таъминлаш бўйича керакли ишларни олиб бормоқдалар.
Биргаликда саъй-ҳаракат қилсак, бу йилги мавсумни ҳам тинч, барқарор ва самарали ўтказишимизга ишонаман.
Эътиборингиз учун раҳмат!
