Сариосиё аеропорти 30 йилдан сўнг фаолиятини тиклади
2025-05-30 16:00:00 / Янгиликлар

Бугун, 30-май куни Сариосиё аеропорти “Силк Авиа” авиакомпаниясининг илк рейсини қабул қилди. Тошкентдан бортида 48 нафар йўловчи билан учган самолёт маҳаллий вақт билан соат 15:41 да аеропортга келиб қўнди. Анъанага кўра, самолёт сув аркаси билан, йўловчилар эса карнай ва сурнай садолари остида кутиб олинди.
Тантанали маросимда Сариосиё туман ҳокими Абдуқодир Донаев, туман ҳокимининг ўринбосарлари, депутатлар, соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, нуронийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
“Силк Авиа” авиакомпанияси томонидан “Тошкент – Сариосиё – Тошкент” йўналиши бўйича АТР-72-600 самолётларида мунтазам қатновлар ҳафтасига икки марта – чоршанба ва жума кунлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Сариосиё аеропортида аеродромнинг сунъий юзаларида, яъни учиш-қўниш йўлаги, бурилиш йўлакчаси ва самолётлар учун туриш жойларида капитал таъмирлаш ишлари олиб борилди. Ушбу реконструкция ишларидан сўнг аеропорт 29-апрел куни биринчи техник парвозни қабул қилди.
Бир ой ичида 1100 квадрат метр майдон ва соатига 100 нафаргача йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги терминал қуриш бўйича барча ишлар якунланди. Бугун Сариосиё аеропорти мунтазам рейсларни амалга ошира бошлаб, илк йўловчиларини қабул қилди.
Эслатиб ўтамиз, Сариосиё аеропорти 1995-йилда фуқаро авиацияси учун ёпилган бўлса, орадан 30 йил ўтиб яна йўловчиларни қабул қила бошлади.









