Қишлоқ хўжалигидаги мавсумий ишлар ва чорвачиликни ривожлантириш ишлари ўрганилди
2026-11-17 08:55:00 / Қишлоқ ва сув хўжалиги

Шу кунларда қишлоқ хўжалигида қишки агротехник тадбирлар қизғин давом этмоқда. Деҳқон ва фермерлар ҳар бир қулай фурсатдан унумли фойдаланиб, ерларни келгуси мавсум ҳосилига пухта тайёрлаш мақсадида шудгорлаш ишларини жадал олиб бормоқда.
Бугун Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов туманнинг И.Диёров ҳудудидаги “Шодиёнабону Файз Барака” фермер хўжалигида олиб борилаётган шудгорлаш ишларини кўздан кечирди. Ўрганиш давомида ерларни агротехник талаблар асосида сифатли ҳайдаш, белгиланган чуқурликка риоя этиш, дала боши ва охирини тўлиқ шудгорлаш, ҳар бир контурни тўртбурчак (“конверт”) усулида ҳайдаш ҳамда симёғоч ва дарахтлар атрофини тўлиқ ишловдан чиқариш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, туман раҳбари “Абдулло олти мевалари” фермер хўжалиги томонидан ПҚ–172-сон қарори ижроси доирасида чорвачиликни ривожлантириш учун ажратилган имтиёзли кредит маблағлари ҳисобидан Мўғулистон Республикасидан 300 бош “Боят” зотли наслли қўйлар олиб келиниб, замонавий чорвачилик фаолияти йўлга қўйилгани кўздан кечирилди.
Туман ҳокими чорвачиликни янада ривожлантириш, наслдор қўйлар сонини кўпайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ҳамда давлат томонидан яратилаётган имтиёзлардан оқилона фойдаланиш юзасидан масъулларга тегишли тавсия ва топшириқлар берди.


















