Белгиланган топшириқлар ижроси ва келгусидаги вазифалар: “Яшил макон”, рейтинг кўрсаткичлари ва устувор йўналишлар муҳокама қилинди
2026-11-09 16:30:00 / Янгиликлар

Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов раҳбарлигида ҳоким ўринбосарлари, тегишли ташкилот ва идоралар раҳбарлари иштирокида белгиланган топшириқлар ижроси ҳамда келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида қишлоқ хўжалиги ва ўрмон фонди ерларида, корхона ва муассасалар ҳудудларида дарахт ҳамда бута кўчатларини экиш ишларини сифатли ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, уч йиллик япон софораси, ҳинд сирени, ҳелакатапа, заранг (клён) ва бошқа манзарали дарахт кўчатларини экиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Шунингдек, бириктирилган ҳудудлар ва йўл ёқаларида тозалик ҳамда ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш, солиқ тушумлари ва экспорт режасини бажариш, кунлик рейтинг кўрсаткичларини яхшилаш, “Бизнесни рўйхатга олиш” ишларини жадаллаштириш ҳамда Балиқчилик фестивалини юқори савияда ташкил этиш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида ҳар бир йўналиш бўйича амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, мавжуд камчиликларни бартараф этиш, белгиланган кўрсаткичларга эришиш, топшириқлар ижросини ўз вақтида таъминлаш ва ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан масъулларга аниқ топшириқлар берилди.
Йиғилиш давомида Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг тегишли буйруғи билан Сариосиё тумани Ички ишлар бўлими бошлиғининг ўринбосари – Жамоат хавфсизлиги хизмати Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи лавозимига тайинланган Қодиров Жамшид Зиёдуллаевич йиғилиш иштирокчиларига таништирилди.









