Ҳашар — эзгулик ва ҳамжиҳатлик тимсоли
2026-11-07 15:00:00 / Тадбирлар

Халқимизнинг асрлар давомида асраб-авайлаб келаётган эзгу қадриятларидан бири — ҳашар. Унинг замирида Ватанга муҳаббат, юрт ободлиги, маҳалла равнақи ҳамда ўзаро аҳиллик ва бирдамлик мужассам.
Бугун Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов, депутат ва фаол нуронийлар билан биргаликда Хуфар маҳалласида бўлиб, маҳалла аҳолиси ташаббуси билан ҳашар йўли орқали барпо этилаётган қарийб 11 километр ички йўлда олиб борилаётган бетонлаш ишлар билан танишди.
Маҳалла фаоллари ва аҳоли билан мулоқот чоғида бундай эзгу ташаббуслар ҳар бир маҳаллада кенг ёйилиши, ҳашар орқали ободлик ва бунёдкорлик ишларини янада жадаллаштириш муҳим экани алоҳида таъкидланди. Шунингдек, халқимизга хос бирдамлик, аҳиллик ва ўзаро кўмак фазилатлари маҳаллалар равнақининг муҳим омили экани қайд этилди.
Таъкидланганидек, Хуфар маҳалласида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари аҳоли бирдамлиги ва ташаббускорлигининг ёрқин намунаси ҳисобланади. Ҳашар эса халқимизни эзгу мақсадлар йўлида бирлаштириб, юрт ободлиги ва маҳаллалар тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бебаҳо қадрият сифатида ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.









