Сариосиёда оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш юзасидан йиғилиш бўлиб ўтди
2026-10-26 09:00:00 / Оила ва хотин-қизлар маслалари

Сариосиё туман Маданият марказида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғайратжон Давлатов, Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Д.Тошматова, тегишли ташкилот ва идоралар мутасаддилари, маҳалла раислари ҳамда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари иштирокида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш ва ажримларнинг олдини олиш масалаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари фаолияти, платформага киритилаётган маълумотларнинг ҳаққонийлиги, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривожлантириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни мустаҳкамлаш, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган аёллар билан манзилли ишлаш, шунингдек, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди.
Муҳокамалар давомида мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, ҳар бир мурожаат ва муаммони индивидуал ёндашув асосида ҳал этиш, профилактик ишлар самарадорлигини ошириш ҳамда белгиланган вазифалар ижросини қатъий назоратга олиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллаларда тинч ва осойишта муҳитни таъминлашга қаратилган ишларни янада самарали ташкил этиш бўйича устувор вазифалар белгиланди.








