Мактабларда таълим сифати: натижадорликни ошириш бўйича вазифалар белгиланди
2026-10-22 14:00:00 / Ижтимоий соҳа

Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими бошлиғи Ш.Бобоев ҳамда тегишли масъуллар билан биргаликда туман марказидан узоқ ҳудудларда жойлашган Боғистон маҳалласидаги 53-сонли ҳамда Маржона маҳалласидаги 58-сонли умумий ўрта таълим мактаблари фаолияти билан танишди.
Ўрганиш жараёнида битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичлари паст бўлган, ДТМ тест синовларида ўртача бали 56,7 баллдан паст қайд этилган мактабларда таълим сифатини ошириш, педагогларнинг касбий маҳоратини ривожлантириш ҳамда методик қўллаб-қувватлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Шунингдек, педагогларнинг касбий салоҳиятини ошириш, битирувчиларни олий таълим муассасаларига пухта тайёрлаш, фанлар бўйича қўшимча машғулотларни самарали ташкил этиш юзасидан устувор вазифалар белгиланди.
Бундан ташқари, мактабларда куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишлари, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўкаламзорлаштириш ва дарахт экиш ишлари, ҳудудларни ободонлаштириш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам кўздан кечирилди.
Белгиланган вазифалар ижросини тизимли ташкил этиш, таълим сифатини янги босқичга олиб чиқиш ҳамда ёшларнинг келажакдаги муваффақияти учун зарур шароитларни яратиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.









