Хушхабар: Сариосиё тумани миришкорлари пахта топшириш режасини биринчилардан бўлиб бажарди
2026-10-12 07:30:00 / Янгиликлар

Сариосиё туманида иқлимнинг ўзига хослиги ва сув танқислиги каби мураккаб шароитларга қарамасдан, фермер ва кластер хўжаликлари томонидан пахтачиликда илғор хорижий тажриба, серҳосил навлар ҳамда замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланилмоқда.
Натижада жорий йилги пахта ҳосилини қисқа муддатларда йиғиб-териб олиш, терим жараёнини самарали ташкил этиш ва белгиланган режа ижросини таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини берди.
Хусусан, Сариосиё тумани миришкорлари жорий йилги пахта топшириш бўйича шартномавий режани 101,5 фоизга бажариб, маррага биринчилардан бўлиб етиб келди.
Жорий йилда туманда 1 050 гектар майдонга чигит экилиб, мавсум давомида 5 500 тонна пахта етиштирилди. Шу тариқа шартномавий режа ортиғи билан бажарилди.
Териб олинган майдонларда ўртача ҳосилдорлик 52 центнерни ташкил этмоқда. Қувонарлиси, тумандаги “Хайрулло Олтин Даласи”, “Эшкамол”, “Мирзо Бобур Ботирбек” ва “Турсунмуродов Абдуҳалил” каби фермер хўжаликлари ҳар гектардан 52–53 центнергача ҳосил олишга эришмоқда.
Эришилган натижа — сариосиёлик фермерларнинг фидокорона меҳнати, фермер ва кластер хўжаликлари ҳамкорлиги ҳамда агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга оширилгани самарасидир.
Сариосиёлик миришкорларни эришилган натижа билан табриклаймиз!
