САРИОСИЁ ТУМАНИ ФЕРМЕРЛАРИ КЕНГАШИ РАЁСАТИНИНГ МУРОЖААТНОМАСИ
2026-10-05 09:10:00 / Мурожаат

Пахта ҳосилини ўз вақтида териб олиб, даромадингизни кўпайтиринг, шартнома мажбуриятингизни бажариб, имтиёз ва субсидиялардан фойдаланинг!
2026-йил ҳосили учун етиштирилган пахта далаларингизда йил давомида олиб борилган агротехник тадбирлар жумладан, ўзингизнинг тажрибангиз ҳамда қишлоқ хўжалиги ходимларининг ва Фермерлар кенгашининг мурожаатномалари ва тавсиялари натижасида далангизда катта пахта хирмони учун етарли ҳосил яратгансиз.
Ўзбекистон фермерлари кенгаши раёсат аъзолари Сизни пахтани қисқа муддатларда сифатли ва тўлиқ йиғиб олиш учун барча имкониятларни сафарбар этишга чақиради.
Президентимиз томонидан Сиз фермерларга 2026-йилда пахтани етиштириш, уни сифатли териб олиш ва мавсумни уюшқоқлик билан ташкил этиш учун Фармон ва қарорлар билан кўплаб имтиёзлар берилган.
2026-йил 28-сентябрдаги ПҚ-354-сонли қарорга мувофиқ 2026-йил ҳосилини биржа савдолари орқали сотган барча пахта етиштирувчи субектларга тоннасига 500 минг сўмдан субсидия ажратилади;
2026-йил 12-сентябрдаги ПҚ-326-сонли қарорга мувофиқ дизел ёқилғисини харид қилиш билан боғлиқ харажатларни қисман қоплаш учун 2026-йил 1-июлдан бошлаб 2026-йил 1-декабрга қадар фермер хўжаликларига товар-хомашё биржаларидаги савдолар орқали харид қилинадиган ҳар бир тонна дизел ёқилғиси қийматининг 15 миллион сўмдан ошган қисми учун, бироқ 2 миллион сўмдан кўп бўлмаган миқдорда давлат томонидан субсидия берилади;
Шунингдек, Президентимизнинг 2026-йил 8-майдаги ПФ-82-сонли Фармони билан пахта хомашёсини етиштиришга ажратилган имтиёзли кредитларни шартномада белгиланган муддатда қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловининг 2,5 фоизи, ҳосил йилининг якунига (тегишли йилнинг 31-декабрига) қадар қайтарган хўжаликларга ушбу кредитлар бўйича тўланган фоиз тўловларининг 5 фоизи қайтариб берилади;
Фермер хўжалиги ўз маблағлари ҳамда тижорат банклари кредитлари ҳисобидан етиштирилган пахта хомашёсини биржада сотганда расмийлаштирилган электрон ҳисобварақ-фактура қийматининг 10 фоизи миқдорида субсидия маблағлари ажратилади.
Ҳурматли фермер хўжалиги раҳбари.
Президентимиз томонидан яратилиб берилаётган имкониятлардан кенг фойдаланиб, пахта териш ишларини тўғри ташкил этишга Сизни даъват этамиз.
Бу борада Сариосиё туман фермерлари кенгаши Раёсат аъзолари билан биргаликда ўзининг беминнат ёрдамини аямайди.
Сиздан, кузнинг ҳар бир куни ғанимат эканлигини ҳис қилиб, пахтангизни қисқа муддатларда йиғиштириб олишингизни сўраймиз. Бунинг учун фермер хўжалиги аъзолари ва ишчиларини терим ишларига жалб этиб, муносиб рағбатлантириб, кичик контурлар ва машинада пахта теришга шароит яратиш учун пахта майдонлари четларини теришни ташкил этинг, машина теримига мослаб пахта далаларини теримга тайёрланг, тезроқ, сифатли қилиб териб олишга чақирамиз. Теримга жалб этилган ишчилар ва терим машиналари учун ўз вақтида ҳисоб-китобни амалга оширинг.
Шуни эсда тутинг, пахтаси бор, теримга тайёр пахта далаларингизни асло суғорманг. Пахта йиғим теримига жалб этилган ишчиларингизни меҳнат қонунчилиги ва меҳнат муҳофазаси талабларига риоя этишини таъминланг, мажбурий меҳнатга асло йўл қўйманг.
Пахта қабул қилиш масканларида пахта хомашёсини қабул қилиш жараёнида нохолис муносабат бўлганда, асоссиз чегирмалар қўлланилганда, Кенгашнинг бириктирилган мутахассисларига мурожаат этинг ва ишончли тарзда кўмак олинг.
Бу борада фермерлар кенгаши қишлоқ хўжалиги бўлими ва агроинспексия билан биргаликда Сизнинг манфаатингизни ҳимоя қилиш чораларини кўради.
Қадрли фермерлар, пахтангизни ўз вақтида ва сифатли териб олиб, Президентимиз томонидан фермерларга яратиб берилган имтиёзлардан фойдаланинг ва даромадингизни кўпайтиринг!
Туман Фермерлари кенгаши
Раёсати аъзолари
