Сариосиё тумани прокурори Ботир Олтиьаев туман аҳолисига профилактик огоҳлантирувчи мурожаати
2026-10-05 07:10:00 / Мурожаат

Ҳурматли туман аҳолиси!
Бугунги кунда жиноятчиликка қарши курашиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг мол-мулки дахлсизлигини таъминлаш муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айниқса, ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларининг олдини олишда ҳар бир фуқаронинг ҳушёрлиги ва эҳтиёткорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан туман прокуратураси аҳолини қуйидагиларга қатъий риоя қилишга чақиради: ЎҒИРЛИКДАН ЭҲТИЁТ БЎЛИНГ! Уй-жой, автомашина, телефон, пул маблағлари ва бошқа қимматбаҳо буюмларни қаровсиз қолдирманг.
Уйдан чиқишда эшик, дераза ва бошқа кириш жойларининг ишончли ёпилганини текширинг. Автомашинада қимматбаҳо буюмлар, телефон, сумка ва пул маблағларини кўзга ташланадиган жойда қолдирманг. Телефон, велосипед, мототсикл ва бошқа мол-мулкларни жамоат жойларида назоратсиз қолдирмасликка ҳаракат қилинг.
Айниқса, фарзандларингизга ўз буюмларини бегона шахсларга бермаслик, нотаниш шахслар билан мулоқотда эҳтиёткор бўлиш зарурлигини тушунтиринг. ФИРИБГАРЛАРГА АЛДАНИБ ҚОЛМАНГ!
Бугунги кунда фирибгарликнинг турли усуллари учрамоқда. Айрим шахслар телефон қўнғироқлари, ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтлари орқали фуқароларни алдаб, уларнинг пул маблағларини қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.
Номаълум шахсларнинг телефон қўнғироқларига ишониб, банк картангиз маълумотларини берманг. Банк ходими, ички ишлар органи, прокуратура ёки бошқа давлат органи ходими сифатида таништирган шахс телефон орқали сиздан банк карта рақами, СМС-код, ПИН-код ёки бошқа махфий маълумотларни сўраса, уларни берманг. Интернетдаги шубҳали ҳаволаларни очманг.
Номаълум шахсларнинг талаби билан телефонга дастур ўрнатманг. “Оссон пул топиш”, “катта даромад”, “соврин ютдингиз”, “ҳисобингиз блокланди”, “пул ўтказинг, муаммони ҳал қиламиз” каби хабарларга ишонишдан олдин маълумотни расмий манбалар орқали текширинг. Шунингдек, интернет орқали товар ёки хизмат харид қилаётганда ҳам сотувчининг ишончлилигига эътибор беринг. Номаълум шахсларга олдиндан пул ўтказишдан эҳтиёт бўлинг.
ҲУШЁРЛИК — ХАВФСИЗЛИК ГАРОВИ
Жиноят содир этилгандан кейин уни фош этишдан кўра, унинг олдини олиш муҳимроқ. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ўз мол-мулкига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиши, шубҳали ҳолатларга бефарқ бўлмаслиги ва яқинларини ҳам огоҳлантириши лозим.
Агар сизга нисбатан ўғирлик, фирибгарлик ёки бошқа ҳуқуқбузарлик содир этилган бўлса ёки жиноят содир этилишига оид маълумотга эга бўлсангиз, бу ҳақда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга зудлик билан хабар беринг. Ҳурматли фуқаролар!
Жиноятчиликка қарши курашиш — нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир. Барчангизни ҳушёрликка, қонунга риоя қилишга, ўзингиз ва яқинларингизни жиноий тажовузлардан асрашга чақирамиз.
Мол-мулкингизга эҳтиёткор бўлинг! Шубҳали қўнғироқ ва хабарларга ишонманг! Банк карта маълумотларингизни ҳеч кимга берманг!
Жиноятга бефарқ бўлманг!
