“Янги Ўзбекистон” массивида бунёдкорлик ишлари ижроси ўрганилди
2026-10-05 07:25:00 / Қурилиш масалалари

Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Якубов тумандаги “Янги Ўзбекистон” массивида бўлиб, аввалги ташрифлар давомида берилган топшириқлар ижроси ҳамда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди. Хусусан, ҳудудда янги мажмуалар барпо этиш учун ер тайёрлаш ишлари, адаптив спорт турларига ихтисослаштирилган спорт мажмуасини ободонлаштириш ҳамда “Янги Ўзбекистон” Эко боғи қурилиши доирасида олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганиш давомида қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва суръати, ҳудудни ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари атрофлича муҳокама қилинди. Якунда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш ҳамда барча объектларни белгиланган муддат ва сифат талаблари асосида якунлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.









