Пахта йиғим-терими ва ғалла экиш масалалари муҳокама қилинди
2026-10-02 09:00:00 / Қишлоқ ва сув хўжалиги

Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Ёқубов раҳбарлигида туман прокурори Б.Олтибаев, туман ИИБ бошлиғи Ғ.Хўжамқулов, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаси масъуллари, ҳудудлар ҳамда фермер хўжаликлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда пахта ҳосилини қисқа муддатларда, нобудгарчиликсиз ва сифатли йиғиб-териб олиш, кунлик белгиланган режалар ижросини таъминлаш, 2027-йил ҳосили учун ерларни тайёрлаш ҳамда ғалла экиш ишларини жадаллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, мавсумни уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида уруғлик, минерал ўғитлар, ёқилғи-мойлаш материаллари ҳамда қишлоқ хўжалиги техникалари билан таъминлаш ишларини ўз вақтида ташкил этиш вазифалари белгилаб олинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПҚ–322-сон қарори ижроси доирасида Хидиров ҳудудида амалга оширилаётган, 60 бош йирик шохли қорамолни боқишга мўлжалланган замонавий чорвачилик мажмуасидаги қурилиш ишларининг бориши ҳам кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, маҳалла еттилиги аъзолари ҳамда тегишли масъулларга камбағалликни қисқартириш, ҳудудларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш, аҳоли мурожаатлари билан манзилли ишлаш, бандликни таъминлаш ва мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.
Йиғилиш якунида мавсумни самарали ташкил этиш, белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш ҳамда маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини ошириш юзасидан масъулларга тегишли топшириқ ва вазифалар юклатилди.









