Президент топшириқлари ижроси амалда: камбағалликни қисқартиришда “Лидер тадбиркорлар” тажрибаси қўлланилмоқда
2026-09-30 09:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишларида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Сариосиё туманида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромад манбаларини кенгайтириш бўйича манзилли ишлар олиб борилмоқда.
Шу мақсадда бугун Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов иштирокида камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими масъуллари, ҳоким ёрдамчилари ҳамда тумандаги салоҳиятли “Лидер тадбиркорлар” билан учрашув ўтказилди.
Унда ҳудудларда камбағалликни қисқартириш, ишсиз аҳолини банд қилиш, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ҳамда аҳоли даромадларини оширишда “Лидер тадбиркорлар” имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда тадбиркорлар билан кооперация алоқаларини йўлга қўйиш, эҳтиёжманд оилаларни ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш жараёнларига жалб этиш, шунингдек, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун имтиёзли ва гаров таъминотисиз молиявий имкониятлардан фойдаланиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Масъулларга ҳар бир маҳаллада хонадонбай ишлашни кучайтириш, мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, фуқароларнинг бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгиланди.









