Сариосиё туманида Инвестиция дастури доирасида янги ижтимоий обект фойдаланишга топширилди
2026-09-29 15:25:00 / Тадбирлар

Себзор маҳалласида жойлашган 38-сонли умумтаълим мактабининг қўшимча 660 ўринли замонавий ўқув биноси фойдаланишга топширилди.
Мазкур бунёдкорлик ишлари ўқувчилар учун замонавий ва қулай таълим шароитларини яратиш, таълим сифати ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида амалга оширилди.
Янги ўқув биносининг очилиш маросимида Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов, таълим соҳаси мутасаддилари, нуронийлар, мактаб жамоаси, ота-оналар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Тадбирда туман ҳокими Одилжон Яқубов сўзга чиқиб, йиғилганларни Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги ҳамда Сариосиё тумани ташкил этилганининг 100 йиллиги билан самимий муборакбод этди.
Шунингдек, мамлакатимизда таълим соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, ёш авлод учун яратилаётган замонавий имкониятлар ҳақида сўз юритилиб, мазкур янги бино ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши ва келгусида муносиб натижаларга эришишида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Шундан сўнг иштирокчилар янги ўқув биносида яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар.
Маълумот учун, “Бинокор Фозилжон Барака” хусусий корхонаси томонидан 8 миллиард 49 миллион сўм маблағ эвазига Себзор маҳалласидаги 38-сонли умумтаълим мактабига қўшимча 660 ўринли ўқув биноси барпо этилди.









