“Раҳбар ва ёшлар учрашуви”
2026-09-10 11:55:00 / Янгиликлар

Пайшанба — Ёшлар куни доирасида Сариосиё туманидаги “Янги Ўзбекистон” истироҳат боғида “Раҳбар ва ёшлар учрашуви” бўлиб ўтди.
Учрашувдан кўзланган асосий мақсад — ёшларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш, дунёқарашини кенгайтириш, Ватанга садоқат ва юрт тақдирига дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш ҳамда улар учун яратилаётган имкониятлар мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этишдан иборат бўлди.
Тадбирда Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов, туман прокурори Б.Олтибаев, ИИБ бошлиғи Ғ.Хўжамқулов, Ёшлар ишлари бўлими масъуллари, ёшлар етакчилари ҳамда фаол ёшлар иштирок этди.
Туман ҳокими Одилжон Яқубов сўзга чиқиб, Президентимиз томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни сифатли таълим билан қамраб олиш, бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда интеллектуал ва маънавий салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида сўз юритди. Шунингдек, ёшларнинг сифатли таълим олиши, замонавий касб-ҳунарларни эгаллаши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши ва ўз салоҳиятини рўёбга чиқариши учун яратилган шароит ҳамда туманда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари хусусида тўхталди.
Тадбир давомида ёшлар билан очиқ мулоқот ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари, таклиф ва ташаббуслари тингланди. Билдирилган масалалар юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилиб, ижроси назоратга олинди.









