Сурхондарё ва Могилёв вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорлик янги босқичда ривожланмоқда
2026-09-08 10:30:00 / Янгиликлар

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигидаги воҳамиз делегацияси амалий ташриф билан Беларус Республикасига етиб келди.
Вилоятимиз раҳбари дастлаб, Могилёв вилоятига ташриф буюриб, Шон-шуҳрат майдондаги Абадий олов ёдига гул қўйиб, озодлик ва тинчлик йўлида қурбон бўлганлар хотирасини ёд этди.
Шундан сўнг, Могилёв вилояти ижроия қўмитаси раиси Анатолий Исаченко ва Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов раҳбарлигида делегацияларнинг кенгайтирилган таркибда учрашуви ўтказилди.
Мулоқотда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Беларус Республикаси Президенти Александр Лукашенконинг ташаббуслари билан сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар, хусусан, савдо-иқтисодий, инвестиция, ижтимоий, маданий ва бошқа соҳалардаги ҳамкорлик жадал ривожланаётгани таъкидланди.
Учрашувда Сурхондарё ва Могилёв вилоятлари ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни йўлга қўйиш, ўзаро савдо ҳажмини ошириш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, саноат ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни ривожлантириш, шунингдек, мавжуд ҳамкорлик лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув якунида ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланди.
Жумладан, Могилёв вилояти ижроия қўмитаси ва Сурхондарё вилояти ҳокимлиги ўртасида савдо-иқтисодий, илмий-техникавий ва маданий ҳамкорлик тўғрисидаги келишув ҳамда уни 2026–2028-йилларда амалга ошириш бўйича "Йўл харитаси" қабул қилинди. Шунингдек, бошқа икки томонлама ҳамкорлик ҳужжатлари ҳам имзоланди.
Мазкур келишувлар Сурхондарё ва Могилёв вилоятлари ўртасида тўғридан тўғри алоқаларни кенгайтириш, янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Сурхондарё вилояти делегациясининг Беларус Республикасига ташрифи давом этмоқда.









