Профилактик огоҳлантирувчи мурожаат
2026-08-28 07:55:00 / Мурожаат

Сариосиё тумани прокурори Ботир Олтибаевнинг туман аҳолисига профилактик огоҳлантирувчи мурожаати
Ҳурматли туман аҳолиси!
Сизларнинг тинч ва осуда ҳаёт кечиришингиз, мол-мулкингиз ва қонуний манфаатларингизни ҳимоя қилиш ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг муҳим вазифаларидан биридир.
Бугунги кунда фуқароларнинг мол-мулкига тажовуз қилиш билан боғлиқ ўғирлик ва фирибгарлик жиноятларининг олдини олишда ҳар бир фуқаронинг ҳушёрлиги ва эҳтиёткорлиги муҳим аҳамиятга эга.
Шу муносабат билан барча фуқароларни ўз мол-мулкига нисбатан эътиборли бўлишга, бегона шахсларга ишониб шахсий маълумотларини бермасликка ва шубҳали ҳолатларга бефарқ бўлмасликка чақирамиз.
Ўғирликнинг олдини олиш учун:
уй-жой, автомашина, дўкон ва бошқа обектларни очиқ қолдирмаслик;
хонадон эшиклари, дераза ва қулфларининг созлигини таъминлаш;
автомашина салонида қимматбаҳо буюмлар ва пулларни қолдирмаслик;
телефон, ҳамён ва бошқа қимматбаҳо буюмларни жамоат жойларида назорациз қолдирмаслик;
узоқ муддатга уйдан чиқиб кетганда қўшнилар ва яқинлар билан алоқада бўлиш;
нотаниш шахсларнинг шубҳали ҳаракатларига эътиборли бўлиш зарур.
Фирибгарликдан сақланиш учун эса:
Ҳеч қачон телефон орқали ўзингизнинг банк картаси рақами, картага келган СМС-код, ПИН-код, парол ва бошқа махфий маълумотларингизни бегона шахсларга айтманг.
Айниқса, ўзини банк ходими, ички ишлар органи, прокуратура, солиқ ёки бошқа давлат идораси ходими сифатида таништириб, пул ёки карта маълумотларини талаб қилаётган шахсларга ишонманг.
Интернет ва ижтимоий тармоқлардаги "осон даромад", "катта ютуқ", "арзон нархда товар", "ишга жойлаштириб қўяман", "кредит олиб бераман" каби шубҳали таклифларга алданиб қолманг.
Онлайн савдо вақтида товар ёки хизмат таклиф қилаётган шахсни текширмасдан туриб олдиндан пул ўтказманг.
Шунингдек, яқин қариндошингиз ёки танишингиз номидан қўнғироқ қилиб, "шошилинч пул керак" деган хабар келса, аввало ушбу маълумотнинг ҳақиқийлигини бошқа алоқа воситаси орқали текширинг.
Ҳурматли фуқаролар!
Жиноятчиликнинг олдини олиш фақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий вазифасидир.
Агар сиз ўғирлик, фирибгарлик ёки бошқа жиноят содир этилаётгани ёки содир этилиши мумкинлиги ҳақида маълумотга эга бўлсангиз, бу ҳақда зудлик билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар беринг.
Ҳушёрлик — хавфсизлик гарови!
Ўзингизни ва яқинларингизни жиноят қурбони бўлиб қолишдан асранг. Мол-мулкингиз ва шахсий маълумотларингизни эҳтиёт қилинг.
