Сариосиё туманнинг айрим ҳудудларида электр таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилади
2026-08-07 08:00:00 / Қурилиш масалалари

Сариосиё туманида барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини барқарор ва ишончли электр энергияси билан таъминлаш мақсадида муҳим электр энергетикаси инфратузилма лойиҳаси амалга оширилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024-йил 13-декабрдаги ПҚ–438-сон қарорига мувофиқ, Сариосиё туманининг “Лутфкор” маҳалласи ҳудудида 110 кВ кучланишли, умумий узунлиги 6,2 километр бўлган электр узатиш тармоқлари ҳамда ҳар бири 25 МВА қувватга эга иккита куч трансформатори билан жиҳозланган 110/35/10 кВли “Янги Ўзбекистон” подстанцияси қурилиши якунланди.
Ҳозирда янги подстанцияни 110 кВли Л–ГУ–1 ва Л–ГУ–2 электр узатиш линияларига улаш ҳамда ишга тушириш бўйича режали техник ишлар олиб борилади.
Шу муносабат билан 2026-йил 8–9-август кунлари соат 08-00 дан 17:00 гача Сариосиё туманнинг айрим ҳудудларида электр энергияси таъминотида вақтинчалик узилишлар кузатилади.
Мазкур ишлар якунлангач, “Янги Ўзбекистон” массивининг, шунингдек, тумандаги аҳоли ва ижтимоий соҳа обектларининг электр таъминоти ишончлилиги ҳамда сифати янада ошади.
Ҳудуд аҳолиси ва истеъмолчилардан режали техник ишлар туфайли юзага келадиган вақтинчалик ноқулайликларни тўғри тушунишларини сўраймиз.
