Камбағалликни қисқартириш ва аҳоли фаровонлигини ошириш борасидаги ишлар ўрганилди
2026-08-06 08:25:00 / Коррупцияга қарши курашиш

Коррупсияга қарши курашиш агентлиги директорининг ўринбосари Умида Тухташева бошчилигидаги ишчи гуруҳ томонидан Сариосиё туманидаги “Бўйрапушт” маҳалласида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Унда туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Ғ.Давлатов, тегишли ташкилотлар масъуллари ҳамда маҳалла еттилиги аъзолари иштирок этди.
Дастлаб, маҳалла еттилиги ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, “Бўйрапушт” маҳалласида амалга оширилаётган ишлар муҳокама қилинди. Йиғилишда маҳалла еттилигининг ҳисоботлари тингланиб, мавжуд муаммолар, уларни бартараф этиш чоралари ҳамда белгиланган устувор вазифалар юзасидан масъулларнинг ахборотлари эшитилди.
Шунингдек, “Камбағалликдан фаровонлик сари” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш юзасидан зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Шундан сўнг ишчи гуруҳ “Бўйрапушт” маҳалласида фаолият юритаётган “Барфф” МЧЖ қўшма корхонасининг мева шарбатлари ишлаб чиқариш лойиҳаси, Остона-тепа қабристонида олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари ҳамда 93-сонли умумтаълим мактаби негизида ташкил этилган 40-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида яратилган шарт-шароитлар ўрганилди.
Ўрганишлар якунида аниқланган камчиликларни бартараф этиш, амалга оширилаётган ишлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш юзасидан тегишли масъулларга аниқ топшириқ ва тавсиялар берилди.









