Сариосиёда сувдан самарали фойдаланиш ва ҳосилдорликни ошириш мақсадида механизатор ва сувчилар билан учрашув ўтказилди
2026-07-18 10:00:00 / Қишлоқ ва сув хўжалиги

Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов, туман ИИБ бошлиғи Ғ.Хўжамқулов ҳамда туман прокурори ўринбосари Ф.Мамадалиев бошчилигида қишлоқ хўжалиги соҳаси масъуллари, фермер хўжаликлари раҳбарлари, механизаторлар ва сувчилар иштирокида учрашув ўтказилди.
Учрашувда бугунги об-ҳаво шароитида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш, суғориш ишларини тўғри ташкил этиш ҳамда сувчиларнинг масъулиятини янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Таъкидланганидек, ғўза майдонларида суғориш ишларини белгиланган меъёр ва муддатларда амалга ошириш, шарбат усулида суғоришни кенг қўллаш, култивация ва чеканка ишларини ўз вақтида бажариш, шунингдек, минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш ҳосилдорликни таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Йиғилиш давомида ҳудуд раҳбарлари ва мутасаддиларга суғориш, култивация ҳамда чеканка ишларини босқичма-босқич, сифатли ва белгиланган муддатларда ташкил этиш юзасидан аниқ топшириқлар берилди. Сувчиларнинг фидокорона меҳнатини муносиб рағбатлантириш, уларни зарур шароит ва воситалар билан таъминлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Учрашув якунида сувчиларга зарур меҳнат қуроллари — белкурак, кетмон, фонар, этик ва бош кийимлар топширилди ҳамда уларнинг меҳнат ҳақлари берилди.
Тадбир сўнгида мўл ва баракали ҳосил тилаб, дастурхон атрофида бир пиёла чой устида юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги ва деҳқонларнинг ризқи баракали бўлиши учун дуога қўл очилди.









