Ёқутли боғ маҳалласида 240 ўринли янги боғча фойдаланишга топширилди
2026-07-15 12:00:00 / Тадбирлар

Сариосиё тумани Ёқутли боғ маҳалласида 240 ўринга мўлжалланган 41-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти фойдаланишга топширилди.
Очилиш маросимида Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов, туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими масъуллари, ота-оналар, нуронийлар, депутатлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди. Тадбир давомида иштирокчилар янги муассасада яратилган замонавий шарт-шароитлар билан яқиндан танишиб, болажонлар учун яратилган қулай муҳитни кўздан кечирдилар.
Маълумот учун, мазкур мактабгача таълим ташкилоти “Бинокор Фозилжон Барака” хусусий корхонаси томонидан 7 миллиард 800 миллион сўм маблағ эвазига барпо этилди. Муассаса 240 нафар тарбияланувчини қабул қилиш қувватига эга бўлиб, унда замонавий ошхона, мусиқа зали, болалар ўйин майдончалари, машғулотлар учун ташқи айвонлар ҳамда таълим-тарбия жараёнини сифатли ташкил этиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган.
Янги боғчанинг фойдаланишга топширилиши маҳалладаги мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, болаларнинг замонавий ва қулай шароитларда таълим-тарбия олишини таъминлаш ҳамда ота-оналар учун қўшимча қулайликлар яратишда муҳим аҳамият касб этади.









