Фуқаролар мурожаатлари эътиборда: Шарғун шаҳрида фуқаролар қабули ўтказилди
2026-07-10 17:00:00 / Фуқаролар қабули

Бугун, 10-июл куни Сариосиё тумани Шарғун шаҳри Маданият марказида фуқаролар учун фуқаролар қабули ташкил этилди.
Қабулда туман ҳокими Одилжон Яқубов, туман прокурори Б.Олтибаев, туман ИИБ бошлиғи Ғ.Хўжамқулов, Солиқ инспекцияси раҳбари Ш.Қосимов, шунингдек, тегишли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари иштирок этди.
Қабул давомида 37 нафар фуқаро томонидан билдирилган 45 та мурожаат кўриб чиқилди. Мурожаатлар асосан ички йўлларни таъмирлаш, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, электр энергияси ва ичимлик суви таъминотини яхшилаш, ижтимоий ёрдам кўрсатиш, янги бозор ташкил этиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда бошқа масалаларга оид бўлди.
Ҳар бир мурожаат масъул ташкилотлар вакиллари иштирокида атрофлича ўрганилиб, уларни амалдаги қонунчилик асосида ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқ ва кўрсатмалар берилди. Айрим масалалар қабул жараёнининг ўзида ижобий ечим топди, қўшимча ўрганишни талаб этадиган мурожаатлар эса назоратга олиниб, уларнинг ижроси бўйича масъуллар бириктирилди.
Фуқаролар билан очиқ мулоқот қилиш, уларнинг муаммо ва таклифларини ўз вақтида кўриб чиқиш ҳамда амалий ечим топиш бўйича бундай қабуллар изчил давом эттирилади.









