Сариосиё туманида “Мустақиллик тўйи” ҳарбий-ватанпарварлик фестивали ўтказилди
2026-07-06 08:15:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан мамлакатимиз бўйлаб “Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!” шиори остида ўтказилаётган “Мустақиллик тўйи” ҳарбий-ватанпарварлик фестивали Сариосиё туманида ҳам юқори савияда ташкил этилди.
Фестивалда ёзувчилар, шоирлар, маънавият тарғиботчилари, бахшилар, санъаткорлар ҳамда ҳарбий хизматчилар иштирок этиб, аҳоли ва ёшлар билан учрашувлар ўтказди. Тадбир Янги Ўзбекистон истироҳат боғидаги кинотеатрда ҳарбий-ватанпарварлик мавзусидаги филм намойиши ҳамда ижодкорлар билан очиқ мулоқотдан бошланди.
Фестивалнинг иккинчи қисмида ҳарбий психологлар томонидан тренинглар, спорт мусобақалари, Фахрий қоровулнинг кўргазмали чиқишлари, ҳарбий оркестр ва санъаткорлар иштирокидаги консерт дастури намойиш этилди. Шунингдек, ёш ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик йўналишида “Заковат” интеллектуал ўйини ўтказилиб, ғолиблар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фестивал давомида ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, миллий қадриятларга ҳурмат ва китобхонлик маданиятини юксалтиришга қаратилган маънавий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.









