Сариосиё туманидаги Обизаранг дарёси устидаги кўприкда юзага келган ҳолат юзасидан расмий ахборот
2026-06-22 07:45:00 / Муносабат
2026-йил 21-июн куни тахминан соат 20:30-20-45 атрофида тоғли ҳудудларда кузатилган ёғингарчиликлар натижасида Обизаранг дарёсида сув оқими кескин ошиб, сел оқими юзага келди.
Табиий ҳодиса оқибатида Сариосиё тумани "Анорзор" маҳалласи ҳудудидан оқиб ўтувчи Обизаранг дарёси устидаги, М-41 "Бишкек – Душанбе – Термиз" халқаро аҳамиятга эга автомобил йўлининг 1449-километрида жойлашган кўприк иншоотига зарар етди. Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, кўприк конструкцияларида шикастланишлар аниқланган бўлиб, хавфсизлик нуқтайи назаридан мазкур йўналишда транспорт ҳаракати вақтинча тўхтатилди.
Мазкур кўприк 1977-йилда қурилган бўлиб, узунлиги 54,7 метрни ташкил этади. У Тожикистон Республикаси билан боғловчи муҳим транспорт йўналишларидан бири ҳисобланади. Кўприк орқали соатига ўртача 600–800 та автотранспорт воситаси ҳаракатланади.
Мутахассисларнинг дастлабки баҳолашларига кўра, иншоотга етган зарарга асосий сабаб — ёғингарчиликлар натижасида дарёда сув сатҳи ва оқим тезлигининг кескин ортиши, натижада кўприк таянчларига юқори босим тушиши билан боғлиқ.
Фуқаролар ва транспорт воситалари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўприк орқали ҳаракат вақтинча чекланди. Ҳозирда автотранспорт ҳаракати Узун тумани ҳудудидаги Дўстлик, Янги йўл ва Қарашиқ маҳаллалари орқали ўтувчи айланма йўналиш бўйича ташкил этилган.
Айни пайтда Сурхондарё вилояти ва туман раҳбарияти, Автомобил йўллари қўмитаси вилоят бошқармаси масъуллари, тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамда соҳа мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳ воқеа жойида иш олиб бормоқда.
Мутахассислар томонидан кўприкнинг техник ҳолати ўрганилмоқда, етказилган зарар кўлами баҳоланмоқда ҳамда транспорт қатновини тиклаш бўйича зарур муҳандислик чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда.
Вазият назорат остида. Ҳолат бўйича қўшимча маълумотлар белгиланган тартибда тақдим этиб борилади.
