Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубовнинг туман аҳолиси ва ёшларига МУРОЖААТИ
2026-06-15 07:25:00 / Мурожаат

Ҳурматли тумандошлар, азиз ёшлар!
Бугунги кунда гиёҳвандлик ва психотроп моддалар истеъмоли нафақат бир инсоннинг, балки оила, маҳалла ва жамиятнинг келажагига жиддий хавф солаётган иллатлардан биридир. Бу бало инсон саломатлигини емиради, унинг орзу-мақсадларини сўндиради, оилалар тинчлиги ва фаровонлигига путур етказади.
Юртимизда ёшлар учун кенг имкониятлар яратилаётган, таълим, спорт, тадбиркорлик ва касб-ҳунар эгаллаш учун барча шароитлар мавжуд бўлган бир пайтда, айрим кимсаларнинг ноқонуний гиёҳванд моддаларни тарқатишга уринаётгани барчамизни ҳушёр бўлишга ундайди.
Азиз ёшлар!
Сизлар Ватанимизнинг бугуни ва эртасисиз. Ҳаётингизни заҳарловчи, келажагингизни барбод қилувчи ҳар қандай зарарли одатлардан йироқ бўлинг. Бўш вақтингизни илм олишга, спорт билан шуғулланишга, касб ўрганишга ва эзгу мақсадлар сари интилишга бағишланг. Унутманг, соғлом турмуш тарзи — муваффақият ва бахтли ҳаётнинг энг муҳим гаровидир.
Ҳурматли ота-оналар, устозлар ва маҳалла фаоллари!
Фарзандларимиз тарбияси ва келажаги учун барчамиз масъулмиз. Уларнинг қизиқишлари, дўстлари ва кундалик машғулотларига бефарқ бўлмайлик. Оила, таълим муассасалари ва маҳалла ҳамкорлиги орқали ёшларни турли зарарли таъсирлардан асрашимиз мумкин.
Барчангизни гиёҳвандликка қарши курашишда фаол фуқаролик позициясини намоён этишга, ёшларимизни соғлом ва баркамол этиб тарбиялаш йўлида бирлашишга чақираман.
Биргаликда соғлом, хавфсиз ва фаровон жамият барпо этамиз!
