“Янги Ўзбекистон” массивида Эко-бозор қурилиши лойиҳаси ўрганилди
2026-06-02 09:00:00 / Қурилиш масалалари

Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов, туман прокурори Б.Олтибаев ҳамда туман ИИБ бошлиғи Ғ.Хўжамқулов тегишли масъуллар билан биргаликда туманнинг “Янги Ўзбекистон” массивида барпо этилиши режалаштирилган Эко-бозор лойиҳаси макети билан танишди.
Ташриф давомида мазкур лойиҳа бўйича амалга оширилиши кўзда тутилган қурилиш ишлари, бозор ҳудудининг инфратузилмаси, аҳолига яратиладиган қулайликлар ҳамда экологик талабларга мувофиқ ташкил этиладиган савдо мажмуаси консепсияси юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, туман раҳбари ва мутасаддилар бошчилигида тегишли масъуллар ҳамда қурувчи ташкилотлар вакиллари иштирокида “Янги Ўзбекистон” массивида олиб борилаётган қурилиш ишлари ва аввал белгиланган топшириқлар ижроси юзасидан йиғилиш ўтказилди.
Йиғилишда давлат дастурлари ва инвестиция лойиҳалари доирасида амалга оширилаётган қурилиш ишлари, обектларнинг бугунги ҳолати ҳамда белгиланган вазифаларнинг бажарилиш даражаси атрофлича муҳокама қилиниб, қурувчи ва лойиҳа ташкилотлари раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.
Муҳокамалар якунида қурилиш ишларини жадаллаштириш, уларнинг сифатини янада ошириш, обектларни белгиланган муддатларда фойдаланишга топширишни таъминлаш, шунингдек, ПТЗ кузатув камералари ва ташвиш тугмалари о'рнатиш, шаҳарсозлик ва экологик меъёрларга қатъий риоя этиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар ва тегишли топшириқлар берилди.









