Хотин-қизлар масалалари бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди
2026-05-23 15:20:00 / Тадбирлар

Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов раҳбарлигида туман Оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Д.Тошматова, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари ҳамда тегишли масъуллар иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда “Аёллар дафтари”га киритилган 1-тоифадаги хотин-қизлар билан ишлаш масалалари, ажрим ёқасига келиб қолган нотинч оилалар билан олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, маҳаллалардаги хотин-қизлар фаоллари фаолияти, платформага киритилаётган маълумотларнинг ҳаққонийлиги, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш ва тадбиркорлигини ривожлантириш, маҳаллаларда хавфсиз муҳит яратиш, тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган аёллар билан манзилли ишлаш, хотин-қизлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилиш давомида мавжуд муаммо ва камчиликлар юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари тингланиб, бу борадаги ишларни янада кучайтириш, ҳар бир мурожаат ва муаммони индивидуал ёндашув асосида ҳал этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
Шунингдек, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, уларнинг бандлигини таъминлаш, оилаларда соғлом маънавий муҳитни мустаҳкамлаш ҳамда маҳаллаларда тинч ва осойишта муҳитни таъминлаш борасидаги ишларни тизимли ташкил этиш юзасидан аниқ вазифалар белгилаб олинди.








