“Обод ва хавфсиз маҳалла — барқарор тараққиёт асоси”
2026-04-10 15:35:00 / Янгиликлар

Президентимиз раислигида жорий йилда давлат ва жамият хавфсизлигига бевосита таҳдид солаётган уюшган жиноятчилик, наркожиноятлар, кибержиноятлар ҳамда яширин иқтисодиётга қарши курашиш бўйича таъсирчан чора-тадбирларни белгилаш мақсадида ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ижроси доирасида Сариосиё туманида маҳаллаларни жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Бугун Сариосиё тумани ҳокими Одилжон Яқубов бошчилигида тегишли мутасадди ташкилотлар раҳбарлари, шунингдек, криминоген вазияти мураккаб бўлган ҳудудлар “Маҳалла еттилиги” вакиллари иштирокида ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликнинг олдини олишга қаратилган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026-йил 5-январдаги ПҚ-1 ва ПҚ-2-сон қарорлари ижросини таъминлаш, жойларда ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамоат хавфсизлигини мустаҳкамлаш ҳамда аҳоли муаммоларини манзилли ҳал этиш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида, мазкур қарорларда белгиланган вазифаларнинг ижро ҳолати атрофлича таҳлил қилиниб, айрим йўналишларда ишлар етарли даражада ташкил этилмаётгани танқидий кўриб чиқилди. Хусусан, маҳаллаларда профилактик тадбирлар самарадорлигини ошириш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни кучайтириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, ҳудудларда “қизил” ва “сариқ” тоифага кирган ҳамда криминоген вазияти оғир бўлган маҳаллаларда жамоат тартиби ва хавфсизлигини таъминлаш, яширин иқтисодиёт ва кибержиноятларга қарши курашиш бўйича олиб борилаётган ишлар таҳлил қилиниб, келгусидаги устувор вазифалар белгилаб олинди.
Бундан ташқари, “Маҳалла еттилиги” фаолиятини янада кучайтириш, ҳар бир хонадон билан манзилли ишлаш, ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этиш орқали жиноятчиликни камайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Йиғилиш якунида барча масъулларга белгиланган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, ҳудудларда барқарор ҳамда хавфсиз муҳитни таъминлаш юзасидан аниқ топшириқлар берилди.









